Канада ҳам болалар учун ижтимоий тармоқни тақиқлайди
Канада ҳукумати 16 ёшгача бўлган болаларни рақамли таҳдиддан ҳимоя қилиш мақсадида ижтимоий тармоқни чеклаш ва сунъий интеллектни назорат қилиш бўйича янги қонун лойиҳасини илгари сурди. Бу ташаббус глобал стандартни ўзгартириши мумкин.
Ушбу ташаббусга кўра, фақат давлатнинг қатъий хавфсизлик стандартига жавоб бера оладиган платформагина истисно тариқасида рухсат олиши мумкин. Бу қадам Австралия дунёда биринчи бўлиб шундай тақиқ жорий этгандан бир неча ой ўтиб қўйилди. Лойиҳа нафақат ижтимоий тармоқ, балки СИга асосланган чат-ботларни ҳам назорат қилишни кўзда тутади. Бунинг учун махсус рақамли назорат идораси ташкил этилиб, қоидани бузган корхоналарга глобал даромаднинг 3 фоизи ёки 10 миллион Канада доллари ($7.2 млн.)гача жарима солинади. Масъул вазир Марк Миллер таъкидлашича, салбий платформалар бола соғлом ривожланишига тўсқинлик қилиб, депрессия, хавотир ва ёлғизлик туйғусини кучайтирмоқда. Қонундан кўзланган мақсад ёшларни ҳақиқий ҳаётдаги мулоқотга, ўқишга қайтариш.
Қонун лойиҳаси “OpenAI” компанияси устидан қўзғатилган суд даъвосидан сўнг эълон қилинди. Оммавий отишмадан жабрланган оилалар вакиллари даъво қилишича, қотил ўз ҳужумини “ChatGPT” орқали режалаштирган, компания эса бу ҳақда полицияни огоҳлантирмаган. Мутахассислар фикрича, Канаданинг ушбу режаси Австралия қонунидан кўра мукаммалроқ. Яъни, яшил қитъада фақат тармоққа кириш чекланди, Канада эса бутун ижтимоий тармоқ тизимини болалар учун хавфсиз тарзда қайта мувофиқлаштириш ва сунъий интеллектни ҳам жиловлаш мақсадини илгари суряпти. Қонун тўлиқ қабул қилиниши ва назорат тизими ишга тушиши учун қарийб икки ярим йил вақт кетиши кутиляпти.
Ф.Яхшибоева, ЎзА