Кадастр тизимида коррупцион ҳолатларнинг олди олинмоқда
Давлат кадастрлари палатаси Сурхондарё вилояти бошқармасида “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” доирасида тадбир ташкил этилди.
Бугунги кунда юртимизда коррупцияга қарши курашишга давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Буни сўнгги йилларда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
9 декабрь – Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни олдидан ташкил этилган тадбирда Давлат кадастрлари палатаси раиси ўринбосари А. Юнусов, вилоят ИИБ Коррупцияга қарши курашиш бўлими ходими Ш. Нарзуллаев, Кадастр палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи Ш. Шаймардонов, Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармалари ходимлари иштирок этди.
Йиғилиш давомида коррупцияга қарши кураш борасида жорий қилинган янги механизмлар, коррупцион ҳолатларга сабаб бўлувчи омилларни эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар атрофлича муҳокама этилди. Бўлим ва филиал раҳбарларининг коррупцияга қарши кураш йўналишидаги фаолиятга татбиқ қилиш мумкин бўлган таклифлари тингланди.
[gallery-14867]
Йиғилишда ҳар бир ходим ўз вазифасига виждонан ёндашган ҳолда фаолият юритиши ҳамда вазифасини суистеъмол қилмаслиги уқтирилди. Коррупция нафақат ҳар бир тизимни, балки уни содир қилган инсоннинг оиласини ҳам емириши мумкинлиги таъкидланди.
– Коррупция ҳозирги кунда трансмиллий ҳолат ҳисоблангани боис, бутун дунё ҳамжамиятига хавф туғдирмоқда, – дейди Давлат кадастрлари палатаси вилояти бошқармаси матбуот котиби Беҳруз Сафаров. – Кадастр тизимида ҳам коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриш, уни келтириб чиқариши мумкин бўлган сабаб ва шароитларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш бўйича самарали тизимни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тизим ходимлари ўртасида коррупцион ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик, ички тартиб-қоидаларига риоя этилиши юзасидан мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётир. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида ходимлар ва фуқаролар билан 8 та турли йўналишдаги профилактик тадбир ва 44 га яқин давра суҳбати ташкил этилиб, коррупцион жиноят оқибатлари хусусида атрофлича тушунтиришлар берилди.
ЎзА фотомухбири Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ олган суратлар