Бугунги кунда Ёшлар иттифоқининг жами 11 минг 915 та бошланғич ташкилоти ўз атрофида мамлакатимизнинг 5 миллион 714 минг нафардан зиёд ўғил-қизларини бирлаштирган. Айни вақтга келиб, 210 та олий, 703 та профессионал таълим муассасалари, 517 та корхона ва ташкилот, 309 та ҳарбий қисм ва муассаса ҳамда 10 минг 176 та умумий ўрта таълим мактабларидаги бошланғич ташкилотлар фаолият юритиб келмоқда.
Ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ва келгуси режалар хусусида Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси в.б. Темурбек Поёнов қуйидагиларни маълум қилди.
–Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда ёшларнинг билим ва ҳунар эгаллаши учун барча зарур шароитларни яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди. 2016 йилдан буён ёшлар сиёсатига оид 10 га яқин қонун, Президентимизнинг 30 дан ортиқ фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 60 га яқин қарорлари қабул қилинган.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолияти ташкил этилган эди. Мазкур фармонда ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшларнинг замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шароитлар яратиш, иқтидорлиларни юзага чиқариш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланишга, хорижий тилларни ўргатиш ўқув курсларига кенг жалб этиш, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш борасидаги муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. Бугунги кунда Ёшлар иттифоқи ёшларни бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилот сифатида ўз зиммасига юкланган вазифаларни самарали амалга оширишга астойдил ҳаракат қилмоқда.
Ўтган давр мобайнида, Иттифоқ томонидан ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш йўналишида жами 35 минг 384 та лойиҳа ва тадбирларда 5 миллион 714 минг 774 нафар ёш қамраб олинди. Биргина, ноябрь ойида 2 минг 398 та тадбир ва лойиҳаларга 305 минг 481 нафар ёшлар жалб этилди.
Жумладан, олий ва профессионал таълим муассасалари ҳамда корхона ва ташкилотлардаги бошланғич ташкилотлар томонидан 26 минг 378 та лойиҳа, тадбир ва мусобақаларда 3 миллион 360 минг 291 нафар ёш қамраб олинди. Умумий ўрта таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотлар томонидан 654 та лойиҳа, тадбир ва спорт мусобақаларида 1 миллион 652 минг 157 нафар ёш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўналишидаги 8 минг 352 та тадбир ва лойиҳага эса 702 минг 326 нафар ёш қамраб олинди.
Иттифоқ таркибидаги “Камалак” болалар ташкилоти томонидан 10-14 ёшдаги 3 миллион нафардан ортиқ болани ўз атрофида бирлаштирган 337 минг 312 нафар сардорлар фаолияти йўлга қўйилган. 192 минг 944 нафар синф сардорлари, 141 минг 260 нафар мактаб сардорлари, 2 минг 898 нафар маҳаллий, 196 нафар ҳудудий ҳамда 14 нафар Республика сардорлари иш олиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Ёшлар иттифоқига бераётган имконият ва эътиборини чуқур ҳис этган ҳолда, тизимда янгича ёндашув, мақсадли ва самарали тадбир ва лойиҳалар, зарур учрашувлар, ривожланган давлатларнинг ёшлар ташкилотлари билан тажриба алмашиш каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Шунингдек, олий, профессионал ва умумий ўрта таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар ҳамда ҳарбий қисмлардаги бошланғич ташкилот етакчиларини ўқитиш учун услубий қўлланмалар чоп этилиб, тажриба алмашиш ва малака ошириш мақсадида тегишли тартибда ўқув-семинарлар ташкил этяпмиз.
Республикадаги 10 минг 176 та умумий ўрта таълим мактабида 13 минг 519 нафар маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари фаолият юритмоқда. Шундан, 5 минг 229 нафарини аёллар, 8 минг 290 нафарини эркаклар ташкил этади.
210 та олий таълим муассасасида Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари томонидан 1 миллион 61 минг 194 нафар талаба-ёш фаолият йўналишларига жалб этилмоқда. Олий ўқув юртларидаги контракт тўловининг 35 фоизгача қисмини тўлашга тавсия этилган 2 минг 199 нафар талаба-ёшларга жорий йилда 7,3 миллиард сўмлик шартнома маблағлари тўлаб берилди.
ОТМларда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган “Қалқон” жамоатчилик гуруҳларида 2 мингдан ортиқ ёшлар фаолияти йўлга қўйилди.
Жорий йилда “Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик!” ва “Билим ва тафаккуримиз – шу эл учун, шу юрт учун!” фестиваллари, “Хавфсиз ҳаёт учун” вело ва пиёда юриш марафони, Жиззах вилояти, “Зомин” болалар оромгоҳида ўтказилган “Етакчилар форуми – 2023”, “Мунозара” республика турнири, “Тафаккур шахмат тахтаси” мусобақаси, “Тинчлигимиз, тараққиёт ва фаровонлик учун!” шиори остида “Кўпкураш” ҳарбий-ватанпарварлик спорт мусобақалари ўтказилди.
Ёшлар иттифоқи ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол иштирок этадиган, ижтимоий жараёнларга фаол таъсир кўрсатадиган, Ватан ва халқ тақдири учун масъулиятни чуқур ҳис этадиган ёшлар сафининг кенгайишига ҳисса қўшишдаги фаол ва самарали фаолиятини давом эттиради. Бу йўлда барча манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кучайтиради.
Гулноза Бобоева, ЎзА