Жўқорғи Кенгеснинг навбатдаги сессияси ўтказилди
Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн иккинчи сессияси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, соҳа раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Сессия кун тартибидаги дастлабки “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни лойиҳаси тўғрисидаги масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда давлат органларининг очиқлигини таъминлаш масалалари қўмитаси раиси Ш.Отемисов сўзга чиқди. Ушбу масала тўлиқ кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Навбатдаги масала “Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Ниязов сўзга чиқди.
Мазкур масала бўйича депутатлар тегишли қарор қабул қилишди.
Шундан сўнг Бюджет даромадлари режасининг ижроси ва солиқ қарздорликларини камайтиришда амалга оширилган ишлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Ушбу масала юзасидан Жўқорғи Кенгеснинг Бюджет, иқтисодий ислоҳотлар, инвестициялар ва инновация масалалари қўмитаси раиси Б.Сейтназаров сўзга чиқди ва ушбу масала юзасидан депутатлар тегишли қарор қабул қилишди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакилининг 2025 йилда амалга оширган ишлари ҳақида бўлиб, бу масала юзасидан Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакил Ж.Шлимбетов маърузаси тингланди ва қарор қабул қилинди.
Сессияда шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг 2025 йилги ижросини ташқи аудит ва баҳолашдан ўтказиш якуни тўғрисидаги, тижорат банклари томонидан дастурлар доирасида кредит маблағлари ажратилиши ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, шунингдек, ходимлар ўртасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган ишлар борасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармасига юборилган парламент сўрови натижаси тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Жўқорғи Кенгеснинг ўтган тўққизинчи сессиясида ушбу масала бўйича Марказий банк Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармасига Парламент сўрови юборилган эди. Сессияда Парламент сўрови натижаси бўйича Марказий банк Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармаси бошлиғи А.Исаков сўзга чиқди. Кун тартибидаги масалалар кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.

Сессия кун тартибида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган фуқаролар рўйхатини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикасининг махсус Қонунини қўллаб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган 800 нафар фуқаронинг рўйхати сессия қарори билан тасдиқланди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раисини сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.Бу масала бўйича Абибуллаев Елубай Онгарбаевичнинг номзоди тавсия этилди.
Номзод депутатлар томонидан маъқулланди ва Е.Абибуллаев – Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди ва қарор қабул қилинди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари