Жиззахда юк ташиш хизмати тартибга олинмоқда
Жиззах вилоятида юк ташиш соҳасини тартибга солиш борасида изчил ва мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараён нафақат назорат, балки тадбиркорни қўллаб-қувватлаш, унга ишончли ҳуқуқий майдон яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Вилоят прокуратураси ҳамда солиқ органлари ташаббуси билан ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари ва транспорт тизими масъуллари ҳамкорлигида ўтказилаётган кенг кўламли ўрганиш тадбирлари ана шу мақсадга хизмат қилмоқда. Уларнинг бош ғояси — юк ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчиларни қўллаб-қувватлаш, соҳадаги ноқонунийликларни бартараф этиш ва фаолиятни шаффоф, қонуний асосга кўчиришдан иборат.
Жиззах шаҳрида амалга оширилган амалий ишлар бу борадаги ёндашувнинг самарадорлигини кўрсатмоқда. Хусусан, фаолияти вақтинча тўхтаб қолган якка тартибдаги тадбиркор Жавоҳир Шарифовга тегишли юк транспорти фаолияти қайта тикланди. Шу билан бирга, фуқаролар Улуғбек Ибрагимов ҳамда Сардор Ўктамовга қонуний ишлашнинг афзалликлари атрофлича тушунтирилиб, уларнинг фаолиятини расмийлаштириш бўйича амалий кўмак кўрсатилди.
Ғаллаорол туманида ўтказилган тарғибот ва тушунтириш ишлари янада таъсирчан натижа берди. Қисқа вақт ичида 16 нафар юк транспорти эгаси якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтди. Бу эса нафақат уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлади, балки соҳадаги яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга хизмат қилди.
[gallery-28754]
Фориш туманида ҳам ижобий силжишлар кузатилди. 20 дан ортиқ юк транспорти учун электрон ҳисоб-фактура расмийлаштирилди, 5 нафар ҳайдовчи эса ўз фаолиятини тўлиқ қонунийлаштирди. Натижада давлат бюджетига қўшимча тушумлар таъминланиб, иқтисодий интизом мустаҳкамланмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, бу каби тадбирлар мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва уни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсатининг изчил давоми ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида тадбиркорлик фаолиятини янада эркинлаштириш, яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш устувор вазифалар сифатида белгилаб берилган. Жиззахда амалга оширилаётган ишлар ана шу стратегик мақсадлар ижросининг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА