Жиззахда рақамлаштириш: ўсиш ва устувор вазифалар
Жиззах шаҳридаги IT-Park филиалида Рақамли технологиялар вазирлиги Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Маҳмуд Ғиёсов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирни вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Акмал Биноқулов очиб берди. Унда ҳудудда рақамли инфратузилмани ривожлантириш масалалари, IT-соҳасидаги натижалар ва келгусидаги режалар муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, вилоятда сифатли интернет хизматларини тақдим этиш мақсадида 16 минг 838 километр оптик толали алоқа тармоқлари барпо этилган. Шунингдек, 184 мингта кенг полосали уланиш портлари ўрнатилди. Мобил инфратузилмани яхшилаш учун 5346 та база станцияси ишга туширилиб, аҳоли пунктларининг 97,5 фоизи мобил алоқа ва 95,5 фоизи кенг полосали мобил интернет билан қамраб олинди.

Вилоятда 100 фоиз рақамли телевидение билан қамровга эришилган. Бу 6 та кучли ва 58 та кам қувватли телерадиоузаткичлар орқали амалга оширилди.

2025 йилнинг дастлабки 7 ойида кўрсатилган АКТ хизматлари ҳажми 576,4 миллиард сўмни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 130,8 фоизлик ўсишни кўрсатади. Телекоммуникация хизматлари умумий ҳажмнинг 57,2 фоизини, дастурлаш хизматлари эса 27,6 фоизини ташкил қилмоқда.

– Жиззах IT соҳасида республикада етакчи ҳудудлардан бирига айланмоқда, – дейди Рақамли технологиялар вазирлиги Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Маҳмуд Ғиёсов. – Йил бошидан буён 15 та янги IT-компания IT-Park резидентига айланди. Резидентлар сони 65 тага етди ва улар томонидан 356 та иш ўрни яратилди.

Жорий йилда 4 та хорижий IT-компания ўз филиалларини вилоятда очди. Хорижий капитал иштирокидаги резидентлар сони 21 тага етди. Улар томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 68,3 миллиард сўмга, экспорт ҳажми эса 4644,2 минг долларга етди. Бу мос равишда 415 ва 510 фоизлик ўсишни англатади.

Таълим йўналишида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Coursera платформаси орқали 82,3 минг нафар ёш онлайн таълимга жалб этилган бўлиб, 2025 йилда 20,3 минг нафар ёш курсларни якунлаб, сертификатларга эга бўлди. “Бир маҳалла – етти дастурчи” лойиҳаси доирасида 1402 нафар ёш хорижий тилларга ўқитилди. Камбағалликни қисқартириш мақсадида эса 1693 нафар ёш бепул онлайн курсларда (инглиз тили, график дизайн, электрон тижорат ва SMM) таълим олди.
Жорий йил бошидан 60 дан зиёд стартап рўйхатга олинган бўлиб, улардан 22 таси MVP босқичига етказилди. Жалб қилинган инвестициялар ҳажми 240 минг долларни ташкил этди, 25 та иш ўрни яратилди.
Рақамли давлат хизматлари ҳам жадал ривожланмоқда. Олти ойда 460 мингдан ортиқ давлат хизмати кўрсатилди, шундан 75,8 фоизи электрон шаклда, 24,2 фоизи анъанавий тарзда амалга оширилди. Шу билан бирга, 1800 ташкилот электрон ҳужжат айланиш тизимига уланди, қоғозбозлик 97 фоизгача қисқартирилди.
Вазирлик томонидан 2025 йил охиригача қуйидаги вазифаларни амалга ошириш режалаштирилган: Жиззахда камида 5000 нафар ёш халқаро IT-таълим платформаларига жалб этилади. 120 нафар ёш халқаро IT-сертификатларига тайёрланиб, улар чет тилларга ҳам ўқитилади ва IT-компанияларга йўналтирилади.
IT-Park резидентлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини 120 миллиард сўмга етказиш, экспорт ҳажмини эса 8,2 миллион АҚШ долларига ошириш кўзда тутилган.
Қўшимча равишда 1046 километр оптик толали алоқа қурилиши ва 5100 та кенг полосали интернет портлари ўрнатилиши, шунингдек, 36 та янги мобил алоқа станцияси ишга туширилиши режалаштирилган.
Шу тариқа, Жиззах вилояти нафақат ҳудудий, балки миллий миқёсда ҳам рақамлаштириш соҳасида илғор тажрибага эга ҳудудлар қаторида қайд этилмоқда.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири