Жиззахда автомобилсозлик кўргазмасига тайёргарлик кўрилмоқда
Жиззах вилоятида жорий йилнинг 29-30 сентябрь кунлари Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази биносида ўтказиладиган автомобилсозлик саноати соҳасидаги “Миллий саноат занжири” кўргазмасига тайёргарлик бормоқда. Вилоят ҳокимлиги, “Ўзавтосаноат” АЖ, Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ҳамда мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида тадбирнинг ташкилий ва мазмуний жиҳатлари пухта ишлаб чиқилмоқда.
Айни пайтда кўргазма майдонларини жиҳозлаш, стендларни тайёрлаш, саҳна ва LED экранларни ўрнатиш, B2B музокаралар ҳамда шартнома ва меморандумлар имзоланадиган зоналарни шакллантириш, иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш жойларини ташкил этиш каби ишлар амалга оширилмоқда. Ташқи реклама воситалари ўрнатилиб, тадбирни ахборот жиҳатидан ёритишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кўргазмага маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни кенг жалб этиш эса тайёргарликнинг энг муҳим йўналишларидан бири бўлмоқда. Мамлакатнинг 14 та ҳудудидан тизим корхоналарига 5029 турдаги маҳсулот бўйича хизмат кўрсатаётган 361 нафар маҳаллий етказиб берувчи корхона таҳлил қилиниб, уларни автомобиль компонентлари, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, электр жиҳозлари, пластмасса ва резина буюмлар, металл ва қуйма деталлар билан кўргазмада иштирок этишга жалб қилиш чоралари кўрилмоқда.

Тадбир доирасида автомобилсозлик корхоналарининг харид ва локализация бўйича масъуллари маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан B2B учрашувлар ўтказиши, импорт ўрнини босиш ва кооперация масалалари муҳокама қилиниши кўзда тутилган. Бу мулоқотлар янги ҳамкорликларни йўлга қўйиш, маҳаллий маҳсулотлар турини кўпайтириш ва ишлаб чиқариш занжирларини мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Жиззахнинг саноат салоҳияти ҳам бу жараёнга муносиб замин яратмоқда. Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги маълумотларида вилоятда автомобилсозлик йўналишида янги маҳсулотларни ўзлаштириш, маҳаллийлаштириш ва корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтиришга эътибор кучайтирилаётгани қайд этилган.

Кўргазмада олий таълим муассасалари ва техникумлар билан ҳамкорлик масалаларига ҳам кенг ўрин ажратилади. Етук ва рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш, таълим ва дуал таълим дастурларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандумларини тузиш режалаштирилган. Шунингдек, инновацион ишланмалар, юқори технологияли маҳсулотлар, автомобилсозлик соҳасига оид илмий-тадқиқотлар ва янги саноат стартаплари ҳам намойиш этилади.
Тайёргарликнинг ҳар бир босқичида тартиб-интизом ва хавфсизлик масалалари ҳам эътибор марказида. Жиззах вилоят ҳокимлиги Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия билан ҳамкорликда кўргазма ҳудудида хавфсизликни таъминлаш, меҳмонлар ва иштирокчилар ҳаракатини тартибга солиш чораларини кўрмоқда.

Энг муҳими, Жиззахда кўрилаётган чоралар кўргазмани шунчаки намойиш майдони эмас, балки ишлаб чиқарувчи ва буюртмачини учраштирувчи, маҳаллийлаштиришга янги туртки берувчи, саноат кооперациясининг янги нуқталарини белгилайдиган амалий мулоқот майдонига айлантиришга қаратилган.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири