Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах шаҳри маҳаллаларида фаолият юритаётган ходимлар ва маҳалла фаоллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Жиззах шаҳар бўлими масъуллари пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш, соҳада кутилаётган ўзгариш ва янгиликлар, шунингдек, фармон лойиҳасида назарда тутилган чора-тадбирлар мазмун-моҳияти ҳақида маълумот беришди.

Йиғилишда таклиф этилаётган ўзгаришларнинг аҳоли учун аҳамияти, пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган чоралар юзасидан тушунтиришлар берилди.
***
Янгиобод туманида ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш ва иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.

Шу мақсадда Спорт вазирлиги томонидан туман спорт мактабига замонавий спорт жиҳозлари, зарур спорт инвентарлари ҳамда махсус спорт кийимлари етказиб берилди. Улар машғулотларда фаол иштирок этаётган ёш спортчиларга топширилди.
Яратилган бундай шароитлар туман ёшлари орасидан иқтидорли спортчиларни кашф этиш, уларнинг маҳоратини юксалтириш ва келгусида юқори натижаларга эришиши учун муҳим замин яратмоқда.
***
Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида спортнинг камондан ўқ отиш тури бўйича катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида мамлакат кубоги мусобақаси ўтказилди.

Унда юртимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 300 нафардан зиёд маҳоратли мерганлар ғолиблик учун баҳс олиб борди. Иштирокчилар аниқ нишонга камондан отиш бўйича ўз маҳорат ва тажрибаларини намойиш этиб, юқори натижалар учун куч синашди.

Якуний натижаларга кўра, ёшлар ўртасидаги баҳсларда жиззахлик камончилар 8 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Мураббий Салоҳиддин Сиддиқов бошчилигидаги жамоа муваффақиятига Шоҳруз Ғаффоров, Юлдуз Исматова, Жўрабек Қодиров, Лазиз Эргашев ва Тоҳирбек Мамашов муносиб ҳисса қўшди.
***
Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Шароф Рашидов тумани Куёвбоши маҳалласи ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барпо этилган боғ ҳолати билан танишди.

Ўрганиш давомида яратилган яшил ҳудуднинг бугунги ҳолати, дарахт ва кўчатларни парваришлаш ишлари, шунингдек, ҳудудни ободонлаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

Масъулларга яшил ҳудудларни асраб-авайлаш, кўчатларни мунтазам парвариш қилиш ва ҳудуд ободлигини таъминлаш бўйича зарур топшириқлар берилди. Кузги кўчат экиш мавсумида маҳаллий иқлимга мос навларни ўтқазиш ва тупроқ унумдорлигини ошириш юзасидан тавсиялар билдирилди.
***
Жиззах вилояти Фориш туманидаги 75-сонли мактабда “Digital Rights Week” доирасида семинар-тренинг ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Менинг рақамли ҳуқуқларим” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.

Унда ўқувчиларга рақамли муҳитда ўз ҳуқуқларини билиш ва ҳимоя қилиш, интернетдан хавфсиз ва масъулиятли фойдаланиш, шахсий маълумотларни асраш ҳамда рақамли хавфсизлик қоидаларига риоя этиш бўйича тушунчалар берилди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири