Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли маънавиятини юксалтиришга қаратилган эзгу ташаббус амалга оширилди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев ташаббуси билан маҳалла кутубхонасига 1000 дона турли бадиий адабиётлар тақдим этилди. Ушбу хайрли иш маҳалла аҳолиси, айниқса, ёшлар томонидан катта мамнуният билан қабул қилинди.
Тақдим этилган китоблар ёшларнинг маънавий дунёқарашини кенгайтириш ҳамда жамоатчиликнинг билимга бўлган қизиқишини оширишда муҳим аҳамият касб этади.


***
Жиззах давлат педагогика университетида “Нуронийлардан талабаларга китоб совғаси” акцияси юқори савияда ташкил этилди.
Тадбир доирасида университетнинг тажрибали устозлари ва фаол зиёлилари томонидан талаба-ёшларга 600 дона илмий ва бадиий адабиётлар совға қилинди. Ушбу хайрли ташаббус профессор Умирзоқ Жуманазаров раҳбарлигида амалга оширилди.
Тақдим этилган китоблар таркибидан монографиялар, ўқув қўлланмалари ва луғатлар ҳам ўрин олган бўлиб, улар талабаларнинг билим олиш имкониятларини янада кенгайтиради. Бундай тадбирлар таълим сифати ошишига, устоз-шогирд анъаналарининг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

***
Жиззах вилоятида 8-10-синф ўқувчилари ўртасида “Молиявий саводхонлик” олимпиадасининг туман ва шаҳар босқичлари юқори савияда ўтказилди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 сентябрдаги 346-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Олимпиадада жами 214 нафар ўқувчи иштирок этиб, молиявий ҳуқуқбузарликларга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича билимларини синовдан ўтказдилар. Беллашув eduX.center платформаси орқали онлайн тарзда ўтказилиб, иштирокчилар 30 та тест саволига 90дақиқа давомида жавоб бердилар.
Якуний натижаларга кўра, энг юқори балл тўплаган уч нафар ўқувчи вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.


***
Янгиобод туманида “Президент олимпиадаси” доирасида бадиий гимнастика бўйича мусобақа бўлиб ўтди. Мазкур спорт тадбири ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг иқтидорини намоён этишда муҳим аҳамият касб этди.
Мусобақада иштирок этган ҳар бир спортчи ўзининг матонати, интизоми ва тинимсиз машғулотлари самарасини намоён этди. Томошабинлар эса келажак чемпионларининг чиқишларини катта қизиқиш билан кузатдилар.
Тадбирда Жиззах вилоят бадиий гимнастика федерацияси раиси Анвар Нормуродов иштирок этиб, ғолиб ва совриндорларни тақдирлади.
Якунда сараланган иштирокчилар вилоят босқичига йўлланма олди. Бундай мусобақалар ёшларда спортга меҳр, ғалабага интилиш ва юксак мақсадлар сари интилиш руҳини мустаҳкамламоқда.


***
Фориш туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий агротехнологияларни жорий этиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Асад Эргашев Қизилқум маҳалласида жойлашган “Қизилқумлик Аброрхўжа” оилавий корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди. 10 гектар майдонда плёнка остида томчилатиб суғориш усулида парваришланаётган помидор етиштириш жараёни ўрганилди.

Суҳбат давомида томчилатиб суғориш технологиясининг сув тежашдаги аҳамияти, ҳосилдорликни оширишдаги самарадорлиги ва эрта ҳосил олиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш орқали ресурслардан оқилона фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири