Дўстлик туманида аҳоли учун қулай инфратузилмани яратиш, шаҳар кўчаларини замонавий ва хавфсиз ҳолатга келтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни шаҳар марказини “Мевазор” маҳалласи билан боғловчи асосий транспорт йўли Дўстлик кўчасида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Ҳозирда ушбу кўчанинг қарийб 2 километрга яқин қисмида асфальтлаш ишлари амалга оширилди. Лойиҳага мувофиқ, кўча тўлиқ 24 соат ҳаракат учун мўлжалланган замонавий йўлга айлантирилади. Барча хизмат кўрсатиш объектлари 24 соат фаолият юритади. Бу эса шаҳарнинг бошқа маҳаллалари билан боғланишни енгиллаштириш, фуқаролар ва автотранспорт оқими ҳаракатини эркинлаштиришда, аҳолига ҳар дамда хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади.


***
Зарбдор туманида “Йўл-транспорт ҳодисаси ва ҳуқуқбузарликлардан холи ҳудуд” махсус профилактик рейд тадбирлари ўтказилди. Қўпол турдаги қоидабузарликлар сонини камайтириш, йўл-транспорт ҳодисалари, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган рейдлар давомида 3 нафар ҳайдовчи маст ҳолда, 36 нафари ҳужжатсиз автомобил бошқараётгани аниқланди.
Мазкур жараёнда 16 кишидан ўткир тиғли жисмлар ҳужжатлаштириб олинган бўлса, маст ҳолдаги 7 киши тиббиёт муассасаларига жойлаштирилди. Кўча-куйда бемақсад юрган ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган 81 кишининг шахсига аниқлик киритилиб, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг тунги вақтда қўриқланиши ҳам ўрганилди. Шу куни ИИО пробация гуруҳи назоратида жазо ўтаётган шахсларнинг белгиланган чекловларга амал қилишлари ҳам текширилди.


***
Янгиобод тумани оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда хотин-қизлар фаоллари томонидан маҳаллаларда “Долзарб 90 кун” доирасида “Даврага кел дугонажон” шиори остида давра суҳбати ташкил этилди.
Суҳбат жараёнида юртимизда қизлар учун барча соҳаларда яратилаётган шароитлар, имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида, таълим, спорт, ижодкорлик, замонавий касбларнинг кириб келаётгани, инновацион ғоялар, қизларни олий таълим муассасаларига ўқишга жалб этиш, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан хотин-қизларни олий таълим муассасаларига кириши учун бериладиган тавсияномалар, шунингдек, оила қуришга, яъни келинликка тайёрлаш ҳақида ҳам сўз борди.


***
Ёз мавсумида сувга чўкиш билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг қуйи тизими ходимлари томонидан профилактик тадбирлар мунтазам равишда ташкил этилмоқда.
Жумладан, Шароф Рашидов, Мирзачўл, Дўстлик ва Пахтакор туман бўлимлари ходимлари томонидан ўтказилган профилактик тадбирлар давомида аҳоли, айниқса ёшлар ва болаларга очиқ сув ҳавзаларида чўмилиш учун рухсат берилган ва берилмаган жойлар ўртасидаги фарқ, сувда ҳаракатланишдаги хавфсизлик қоидалари ҳамда назоратсиз ҳудудларда чўмилишнинг оқибатлари тўғрисида атрофлича тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, чўмилиш тақиқланган жойларда огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилди. Шунингдек, сувда нохуш ҳолатлар юзага келганида қандай ҳаракат қилиш лозимлиги ҳақида амалий тавсиялар ҳам берилди.


***
Бош прокурор ўринбосари С.Самадов томонидан Жиззах вилоятида қурилиш соҳасидаги давлат дастурлари, сейсмик хавфсизлигини таъминлаш ҳамда бошқа долзарб топшириқлар ижроси ўрганилмоқда.
Жумладан, масъуллар Зомин, Бахмал, Ғаллаорол ва Фориш туманларида жойлашган қурилиш объектларида бўлиб, пудрат ташкилоти томонидан бажарилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари кўздан кечирилиб, камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

Бундан ташқари, объектлардаги ташқи ободонлаштириш ишларини тезлаштириш ва объектдаги ишчилар сонини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Шунингдек, ҳудудларда кўп қаватли уйларни зилзила бардошлигини ўрганиш ва аҳолининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ва олдинда бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири