Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“Жиззах строй” МЧЖ қурувчилари томонидан 170 метр чуқурликдан тоза сув чиқарилиб, Зарбдор туман “Тараққиёт” МФЙдаги “Янгиҳаёт” қишлоғининг 200 нафар аҳолиси ичимлик суви билан тўлиқ таъминланди.
Ушбу мўъжаз қишлоқчада ичимлик сув умуман йўқ эди. Янгиҳаётликлар ичишга яроқли сувни 6-8 километр олисликдан ташиб келар ёки сотиб оларди. Бугун эса қишлоқнинг ҳар бир хонадонига тоза ичимлик сув етиб келди.
*****
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўрол Ўразбоев билан Шароф Рашидов туманининг “Қангли”, “Нурафшон”, “Ёйилма”, “Тоқчилик”, “Раваллик” ҳамда “Яккақайрағоч” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси учун сайёр қабул ташкил этилиб фуқароларнинг муаммолари ўрганилди.

Ўрол Ўразбоев томонидан фуқаролар томонидан тушган мурожаатлардан 35 таси туман ва 25 таси вилоят миқёсида бўлганлиги сабаб, шу жойнинг ўзида мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди. 15 та мурожаат республика миқёсида ҳал этилиши лозимлиги сабабли, Олий Мажлис депутати ушбу мурожаатларни тегишли вазирликларга етказишини таъкидлади.
*****
Янгиобод туманида маҳалла ва кўчалар қиёфасини яхшилаш, пиёдалар ва транспорт воситалари ҳаракати учун қулайликлар яратиш мақсадида асосий ва ички йўллар таъмирланмоқда. Ҳавонинг очиқ кунларидан фойдаланиб туманнинг 1-секторига қарашли “Янгиобод” ШФЙдаги “Истиқлол” кўчасида лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида 1,5 километр ички йўлни асфальт қилишнинг дастлабки ишлари бошлаб юборилди. Бу каби бунёдкорлик ва таъмирлаш ишлари туманнинг бошқа маҳаллаларида ҳам давом этмоқда.

*****
Руминиянинг Бухарест шаҳрида спортнинг армрестлинг тури бўйича жаҳон чемпионати мусобақалари бўлиб ўтмоқда. Қувонарлиси, мусобақада Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган спортчилар орасида Зомин тумани ёшлари ҳам иштирок этаётир. Гарчанд мусобақалар ҳали тугамаган бўлсада зоминлик ёшлардан Даниел Эркинов 50 килограмм вазн тоифасида ўнг ва чап қўл баҳсларида фахрли 3-ўринни эгаллаб, 2 та бронза медалини қўлга киритди.
*****
Мирзачўл тумани ҳокими ва тумандаги барча сектор раҳбарлари худуддаги ёшлар билан учрашди. Ҳар бир маҳалладаги ҳолат ўрганилиб, шу асосда манзилли чора-тадбирлар белгиланди.
Учрашувда “Ёшлар ишлари агентлигининг маҳалладаги вакиллари” га биргаликда ишларни самарали ташкил қилиш бўйича тавсия ва йўл-йўриқлар кўрсатилди. Шунингдек, ёшлар томонидан билдирилган таклифлар, мурожаатлар юзасидан муҳим чора-тадбирлар, режалар белгиланиб, масъуллар бириктирилди ва ижроси қатъий назоратга олинди.
*****
Ғаллаорол тумани ҳокими Жалолиддин Оқбоев туман фуқароларининг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида сайёр қабул ўтказди ва унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Феруза Негматова ҳам иштирок этди. Сайёр қабулда фуқаролар томонидан 18 та мурожаат билдирилиб, 11 та мурожаат ижрога қаратилди, 5 та мурожаат ўз жойида ижобий ҳал этилди. Иккита мурожаатчига ҳуқуқий тушунчалар берилди.
*****
Фориш тоғ-ўқув ҳарбий полигони зобитлари томонидан “Менинг армиям – менинг фахрим” шиори остида ўзлари оталиққа олган 1-сектор ҳудудидаги Амир Темур номли маҳаллада жойлашган 5-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги арафасида ташкил этилган ушбу тадбирда ўқувчи-ёшларнинг Конституциямизни қанчалик яхши билиши яна бир бор синовдан ўтказилди. Тадбир сўнгида ўқувчи-ёшлар Ватанни мадҳ этувчи шеърлари, саҳна кўринишларини намойиш этди.
*****
Бахмал тумани 1-сон касб-ҳунар мактаби битирувчилари иштирокида семинар ташкил этилди.
Ушбу тадбирда иштирокчиларга Ёшлар ишлари агентлиги Бахмал тумани бўлими, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Бахмал тумани кенгаши ва “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси Жиззах вилояти филиали билан ҳамкорликда “e-kasb” платформасини тарғиб қилиш, ёшларни платформага аъзо қилиш орқали касб-ҳунарга йўналтириш ва бу орқали бандлигини таъминлаш юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
А.Қаюмов, ЎзА