Жиззах карами Европа бозорига йўл олди
Жиззах вилоятида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш кўлами кенгайиб, миллий экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим омилга айланмоқда. Навбатдаги амалий қадам сифатида ҳудудда парваришланган карам маҳсулотининг янги партияси Европага экспорт қилинди.
Латвия компаниялари билан йўлга қўйилган барқарор ҳамкорлик доирасида "BMB Holding" таркибидаги “BMB Impex” корхонаси томонидан амалга оширилган ушбу экспорт операцияси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Айниқса, маҳсулот сифати ва экологик тозалиги Европа бозори талабларига мос келаётгани экспорт географиясини янада кенгайтиришга замин яратаяпти.

Мутахассислар фикрича, бундай ҳамкорликлар нафақат алоҳида корхоналар, балки бутун тармоқ ривожига хизмат қилади. Зеро, ташқи бозорларга чиқиш орқали “Made in Uzbekistan” бренди остидаги маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги ортиб, миллий иқтисодиётда қўшилган қиймат улуши ўсади
Сўнгги йилларда мамлакатда экспортни қўллаб-қувватлаш, янги бозорларни ўзлаштириш ва маҳсулот турларини диверсификация қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 январдаги “2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган тараққиёт стратегиясида экспорт ҳажмини ошириш, унинг товар ва география таркибини кенгайтириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Мазкур йўналишдаги амалий ишлар "Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида ҳам изчил давом эттирилиб, қишлоқ хўжалигида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни халқаро бозорларга чиқариш механизмлари такомиллаштирилмоқда. Бу эса ўз навбатида экспорт ҳажми, тури ва географиясини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, “BMB Holding” томонидан амалга оширилаётган ташқи савдо операциялари нафақат Европа, балки бошқа минтақалар бозорларини ҳам қамраб олишга қаратилган. Келгусида бундай ташаббуслар орқали экспорт йўналишларини диверсификация қилиш ва миллий маҳсулотларнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш режалаштирилган.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА