Жиноят иши муҳокамаси
Олий Мажлис Сенатининг 2022 йил 5 августдаги қарорига мувофиқ, оила-турмуш доирасидаги низолар оқибатида содир этилаётган ҳар бир оғир ва ўта оғир жиноятларни таҳлил қилиш, шу асосда уларни бартараф этиш ва келгусида олдини олишга доир масала парламент юқори палатаси ялпи мажлисда муҳокама қилинади.
Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси томонидан тузилган ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятида ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Ишчи гуруҳ аъзолари оила-турмуш доирасидаги низолар оқибатида содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятларни маҳаллаларда масъуллар иштирокида муҳокама қилмоқда.

Ана шундай тадбир Тойлоқ туманидаги Ғўлба маҳалласида ташкил этилди. Унда Сенатнинг ишчи гуруҳи аъзолари ҳамда вилоят, туман ташкилотлари раҳбарлари, сектор ва ҳокимлик масъуллар қатнашди. Тадбирда мазкур маҳаллада жорий йилнинг июль ойида эр-хотин ўртасида келиб чиққан жанжал оқибатида содир этилган жиноят иши муҳокама этилди. Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қ.Бурхонов, қўмита раиси ўринбосари Т.Мадумаров ҳамда вилоят, туман масъуллари жиноят содир этган фуқаро қонун олдида жавоб бериши, бу каби оилавий жанжалларнинг олдини олишда маҳалла фаоллари ва оқсоқоллари жонбозлик кўрсатишлари, оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш, аҳоли ўртасида ўзаро ҳурмат ва аҳилликни мустаҳкамлаш кераклигини таъкидладилар.
Қасддан баданга оғир шикаст етказиш билан боғлиқ жиноят сифатида кўрилаётган ҳолат бўйича туман ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мулоқотларда жиноятни юзага келтирган сабаб ва шарт-шароитлар ўрганилиб, тегишли таклифлар тайёрланди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА