Жидда учрашуви: Саудия ва Украина минтақавий вазиятни муҳокама қилди
Саудия Арабистони валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Жидда шаҳрида Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашув ўтказди. Суҳбат давомида икки давлат ўртасидаги муносабат ва халқаро кун тартибидаги муҳим масалалар муҳокама қилинди. Айниқса, Яқин Шарқдаги ҳарбий кескинлик ва Украинадаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. Учрашувда ҳар икки томондан юқори даражадаги расмийлар ҳам иштирок этган. Бу ҳақда ҳамкоримиз – Саудиянигнг етакчи SPA ахборот агентлиги хабар қилган.
Шу куни валиаҳд Колумбия Президенти Густаво Петрога ҳарбий самолёт ҳалокати муносабати билан таъзия билдирди. Қурбонларнинг оилалари ва халққа ҳамдардлик изҳор қилди. Шунингдек, жабрланганларга тезроқ шифо тилади. Бу қадам мамлакатнинг халқаро ҳамдардлик сиёсатини намоён этди.
ТИВ эса “United Nations Human Rights Council” томонидан қабул қилинган резолюцияни олқишлади. Ҳужжатда минтақага ҳужумлар инсон ҳуқуқига жиддий таҳдид сифатида баҳоланган. Расмий Ар-Риёд мазкур қарор халқаро ҳамжамиятнинг ягона қарашини кўрсатишига урғу берди. Қолаверса, бундай ҳаракатлар давлат суверенитетига мутлақо хилофлиги қайд этилди.
Баёнотда урушда иштирок этмаётган давлатларга қарши берилаётган зарбалар қабул қилиб бўлмас ҳаракат сифатида изоҳланган. Саудия ҳукумати минтақадаги барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашни устувор вазифа сифатида кўрсатди. Халқаро ҳуқуқ ва қоидаларга амал қилиш зарурлиги яна бир бор эслатилди.
Мусулмон Зиё, ЎзА