ЖЧ-2026: Илгиз Танташев Шотландия — Марокаш учрашувини бошқаради
ЖЧ–2026 гуруҳ босқичининг иккинчи тури доирасида бугун “C” ва “D” гуруҳлари жамоалари ўйнайди.
АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлигида ўтаётган футбол бўйича XXIII Жаҳон чемпионатида бугун “C” ва “D” гуруҳларининг иккинчи тур учрашувлари бўлиб ўтади.
Ўзбекистонлик мухлислар учун куннинг энг муҳим воқеаларидан бири “C” гуруҳидан ўрин олган Шотландия — Марокаш терма жамоалари ўртасидаги баҳс ҳисобланади. ФИФА қарорига кўра, мазкур учрашувни ҳамюртимиз Илгиз Танташев бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқаради. Унга қанотларда Андрей Сапенко ва Тимур Гайнуллин ёрдам беради.
Шотландия — Марокаш учрашуви 20 июнь куни Тошкент вақти билан соат 03:00 да бошланади.

Дастлаб “D” гуруҳида АҚШ ва Австралия терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. Ушбу учрашув соат 00:00 да старт олади.
Шундан сўнг “C” гуруҳидаги Шотландия — Марокаш баҳси бўлиб ўтади. Соат 05:30 да эса Бразилия ва Гаити терма жамоалари майдонга тушиб, гуруҳдаги вазиятга ойдинлик киритишга ҳаракат қилади.
Кун дастуридан ўрин олган сўнгги учрашувда “D” гуруҳи вакиллари Туркия ҳамда Парагвай терма жамоалари ўзаро куч синашади. Мазкур баҳс Тошкент вақти билан соат 08:00 да бошланиши режалаштирилган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА