ЖЧ–2026: Германия плей-оффга йўл олган гуруҳда, Кюрасао тарихий натижа қайд этди
Германия ғалабаси ва Кюрасао дарвозабонининг рекорди “E” гуруҳидаги иккинчи турнинг энг эътиборли воқеаларига айланди.
АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қилаётган футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг “E” гуруҳида иккинчи тур учрашувлари якунланди.
Турнинг марказий баҳсида Германия ва Кот-д’Ивуар терма жамоалари ўзаро тўқнаш келди. Қизиқарли ва муросасиз кечган беллашув 2:1 ҳисобида Германия фойдасига ҳал бўлди. Учрашувнинг 30-дақиқасида кот-д’ивуарликлар сардори Франк Кессье томонидан ҳисоб очилди. Иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушган Дениз Ундав 68-дақиқада мувозанатни тиклаган бўлса, қўшимча вақтнинг тўртинчи дақиқасида ғалаба голини киритди.
Ушбу натижадан сўнг Юлиан Нагельсманн бошчилигидаги Германия терма жамоаси 6 очко билан гуруҳда якка пешқадамга айланди ва плей-офф йўлланмасини қўлга киритди. Кот-д’Ивуар термаси эса 3 очко билан иккинчи ўринда қолди.

Гуруҳнинг яна бир учрашувида Эквадор ҳамда Кюрасао терма жамоалари рақобатлашди. Ўйинда ҳисоб очилмади — 0:0. Мазкур натижа Кюрасао учун тарихий аҳамият касб этиб, жамоа Жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк очкосини қўлга киритди.
Учрашув қаҳрамони Кюрасао дарвозабони Элой Ром бўлди. 37 ёшли посбон Эквадор ҳужумларини қайтариб, бир ўйиннинг асосий вақти давомида 15 та сейв амалга оширди. Бу кўрсаткич 1966 йилдан буён юритиб келинаётган статистикада Жаҳон чемпионатлари рекорди ҳисобланади.

Дарвоқе, айни дамга келиб, Эквадор ва Кюрасао ҳисобида 1 тадан очко мавжуд ва улар голлар нисбатига кўра 3-4 поғонадан жой олди.
“E” гуруҳида 3-тур ўйинлари 25 июнь куни бўлиб ўтади. Унда Германия – Эквадор, Кюрасао – Кот-д’Ивуар терма жамоалари баҳсига гувоҳ бўламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА