Жазони ижро этиш тизимидаги ислоҳотлар самара бермоқда
Янги Ўзбекистонда жазони ижро этиш тизимини ислоҳ қилиш, соҳада инсон ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш, маҳкум ҳамда қамоқда сақланаётган шахслар учун муносиб шарт-шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат муассасалар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, балки соҳага илғор рақамли ечим, халқаро стандарт жорий этишга ҳам қаратилган.
Айни жараёнда озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазо турларини қўллаш амалиётини босқичма-босқич қисқартириш, жиноят содир этишга мойил шахслар билан алоҳида-алоҳида ишлашни кучайтириш, пенитенциар муассасалар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари муҳим аҳамият касб этади.
2017 йилдан ҳозирги кунга қадар маҳкумларнинг қонуний ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатини янада такомиллаштиришга қаратилган 11 қонун, Президентнинг 2 фармони, 7 қарори, ҳукуматнинг 20 дан зиёд қарори ва фармойиши, 20 дан кўп бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.
Хусусан, 2017 йил 11 августдаги “Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлган жазоларни ижро этиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ, 7 устувор йўналиш белгиланиб, маҳкумлар ҳуқуқи доираси кенгайтирилди. Жумладан, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлаш, маҳкумларда қонун талаби ва жамиятдаги хулқ-атвор қоидасига риоя этиш маданияти, билим ва маънавий-ахлоқий савияни оширишга интилишни шакллантиришга қаратилган қайта тарбиялаш ва ахлоқан тузатиш жараёнини такомиллаштириш, жазони ижро этиш муассасасидан озод этилган шахслар ижтимоий мослашувини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари билан узвий ҳамкорликни таъминлаш, меҳнат бозорида талабгир касбларга ўқитиш йўлга қўйилди.
2019 йил 14 мартдаги Айрим қонун ҳужжатларига ўзгариш ва қўшимча киритиш тўғрисидаги қонунга мувофиқ, эндиликда маҳкумларга қуйидаги қулайликлар яратилди:
психологик ёрдам олиш ҳуқуқи;
тиббий ёрдамга муҳтожларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий муассасаларига жойлаштиришга рухсат;
оғир касалликка чалинганларга телефон орқали қўшимча сўзлашиш, шифокор рухсати билан учрашишга рухсат;
маҳкум томонидан руҳий ҳолати бузилган вақтда содир этилган тартиббузарлик учун интизомий жазо чораси қўлламаслик.
Маҳкумлар иш ҳақидан ижтимоий суғурта ажратилмаслиги белгиланиб, пенсия тайинланди, ёпиқ турдаги колонияда маҳкумнинг телефон сўзлашуви, йўқлов ва учрашув олиши икки баробар кўпайтирилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 апрелдаги “Озодликдан маҳрум этилган шахслар учун умумий таълим ва касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, жазо муддатини ўтаётганлар таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши бўйича ҳуқуқий кафолат мустаҳкамланиб, “Уста-шогирд” мактаби фаолияти йўлга қўйилди.
Маҳкумлар ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаати ишончли ҳимоя қилиниши ҳамда жазони ижро этиш тизимида маҳкум шахсни ахлоқан тузатиш ва жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлаш борасида 2020 йил 30 июнда “Жиноят-ижроия кодексига маҳкумлар ҳуқуқи ва қонуний манфаати ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгариш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, жазо муддатини ўташ давомида маҳкум шахсий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар кенгайтирилди, маҳкумга нисбатан жисмоний куч ва махсус восита асоссиз қўлланишининг олди олинди, маҳкум ва унинг яқин қариндошларига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида қисқа муддатли учрашув, видео учрашув ва телефон орқали сўзлашувни ўзаро алмаштириш тартиби жорий этилди, вояга етмаган маҳкумга ота-онаси билан учрашувга нисбатан чеклов олиб ташланди, маҳкума аёллар ҳуқуқи ва эркинлигини янада кенгайтириш ҳамда ташқарида, болалар уйида тарбияланаётган фарзандлари билан учрашишини тартибга солиш борасида вояга етмаган фарзанд билан учрашувнинг алоҳида тартиби белгиланди.
2023 йил 15 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумлар ҳуқуқи ва қонуний манфаатини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгариш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун асосида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун ва Жиноят-ижроия кодексига қатор ўзгариш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум муассасада ишлаган даврни умумий меҳнат стажига қўшиш орқали унга келгусида пенсия олиш имкони яратилди. Маҳкум ҳуқуқи халқаро стандартга мувофиқлаштириб, унга сурдо-таржимон хизматидан фойдаланиш, маҳкумга нисбатан қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайри инсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо тури қўлланишига йўл қўйилмаслиги таъминланди. Халқаро стандарт ва тажрибадан келиб чиқиб, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган маҳкумнинг яшаш майдони 2,5 квадрат метрдан 3 квадрат метрга оширилди. Шундай шахслар учун мўлжалланган умумий турар-жойни махсус восита ва мослама (пандус)лар билан жиҳозлаш белгиланди. Маҳкум тузалиш йўлига ўтганини баҳоловчи аниқ мезон белгилаш орқали унга адолатли рағбатлантириш чораси қўлланиши белгиланди.
Маҳкумлар учун қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатига риоя этиш, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуасини қабул қилиш борасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Сайлов кодексининг 5-моддасига мувофиқ, ижтимоий хавфи юқори бўлмаган ва нисбатан енгил жинояти учун жазо ўтаётган маҳкумга илк бор сайлов ҳуқуқи берилди.
Бундан ташқари жазони ижро этиш муассасаларидаги ёш маҳкумларни замонавий рақамли касбларга ўқитиш, озодликка чиққандан сўнг уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига ёрдам бериш, бандлигини таъминлаш, келгусида такроран жиноят содир этишининг олдини олиш ҳамда жамиятга муваффақиятли интеграция қилиш мақсадида қабул қилинган Президентнинг “Жазони ижро этиш муассасаларидаги ёшларни замонавий касбга ўқитишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, жазони ўтаётган ёшларни ўз дунёқарашига эга бўлган ва мустақил фикрлайдиган шахс сифатида шакллантириш, тасдиқланган ўқув дастурлари доирасида жазо ўтаётган ёшлар сифатли билим олиши ва замонавий рақамли касбга эга бўлишини таъминлаш ва замонавий рақамли касбларни эгаллаши учун жазони ўтаётган ёшларни зарур даражада хорижий (инглиз, рус, хитой ва бошқалар) тилларга ўқитиш, жазодан озод этилгандан сўнг уларни жамиятга интеграция қилиш мақсадида меҳнат бозорида талабгир касбларни эгаллаши учун ёшларда меҳнат қилиш кўникмасини шакллантириш ва мустаҳкамлаш ҳамда жазо ўтаётган ёшларни касбга йўналтириш орқали индивидуал ривожлантириш, уларда жамоада ишлаш ва мулоқот маданиятини шакллантириш ва ривожлантириш асосий мақсад қилиб белгиланди. Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган “Иккинчи имкон” лойиҳаси юртимиздаги ҳар бир ўғил-қиз, ҳар қандай вазиятда эътибордан четда қолмаслигининг ёрқин ифодаси экани эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш ва халқаро ҳуқуқ меъёрига келтириш мақсадида ЖИЭМда маҳкум яшайдиган умумий турар-жой босқичма-босқич хона (кубрик) типида қайта қурилмоқда.
Замонавий ва халқаро стандартга тўлиқ жавоб берадиган тергов ҳибсхоналари барпо этиляпти. Жумладан, марказий тергов ҳибсхонасида янги бино фойдаланишга топширилиши билан бир неча муаммо ечим топди:
– адвокатлар хонаси 19 тадан 50 тага, тергов хоналари 6 тадан 25 тага кўпайтирилди;
– Адлия вазирлиги ҳамда Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда “Е-адвокат” платформаси орқали адвокатларга ҳимояси остидаги шахс билан учрашув вақтини онлайн шаклда белгилаш имкони яратилди;
– онлайн суд хоналари 4 тадан 11 тага етказилиб, тергов ва суд жараёнини масофавий амалга ошириш имконияти кенгайтирилди;
– ҳар бир муассасада онлайн шаклда нотариал хизмат амалга ошириш имкони яратилди;
– ҳибсхонада сақланаётган шахснинг яқин қариндошлари билан қисқа муддатли учрашув хоналари 14 тадан 36 тага етказилди;
– “Е-Маҳкум” платформаси ягона ахборот муҳитига интеграция қилиниши натижасида 25 ташкилот билан маълумот алмашинуви йўлга қўйилди.
Суд ва тергов идоралари билан ёзишмани электрон тизим орқали амалга ошириш имконияти яратилди.
– муассасанинг назорат-ўтказиш тизими тўлиқ автоматлаштирилиб, фуқаро, ходим ва адвокат учун алоҳида кириш-чиқиш йўлаги ташкил этилди, кундалик сунъий навбат муаммоси бутунлай ҳал этилди;
– тергов ҳибсхоналарида вояга етмаганлар ва болали аёллар учун алоҳида камералар ажратилиб, халқаро стандарт асосида жиҳозланди;
– жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг яқинларига қулайлик яратиш мақсадида посилка, бандероль ва йўқловни электрон дўкон орқали юбориш ишлари амалий босқичга ўтди.
Муассаса ҳудудида ташкил этилган сайилгоҳ, маҳкумлар эҳтиёжи учун жорий қилинган “Рақамли дўкон”, “М-биллинг”, “Видео учрашув” тизимлари ишлаш механизми ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Бундай инновацион ечимлар маҳкум қонуний ҳуқуқини таъминлаш, унинг яқинлари билан алоқасини сақлаб қолиш ҳамда хизматлардан фойдаланиш жараёнини замонавий форматга ўтказишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, республикамиз бўйлаб барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан жиноят-ижро тизимидаги ижобий ўзгаришлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқи, унинг қонуний манфаати, қадр-қимматини юксак даражага кўтаришга хизмат қилаётгани нафақат фуқароларимиз, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
A.Шoдиев,
Ички ишлар вазирлиги Академияси
Жазони ижро этиш фаолияти
кафедраси доценти