Жазо муддатини ўтаётган ёшлар ҳунармандчилик фаолияти билан танишди
Республика "Ҳунарманд" уюшмаси томонидан жазо муддатини ўтаётган ёшларнинг муаммоларини тинглаш, уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида жойлашган 5-сон жазони ижро этиш колониясида Пайшанба – “Ёшлар куни” муносабати билан “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув давомида ёшларга ҳунармандчилик фаолияти, ушбу соҳада яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиб, таклиф ва ташаббуслари билан фаол иштирок этди.
Шунингдек, ҳунармандчиликнинг 7 та йўналиши бўйича икки ойга мўлжалланган ўқув дастурлари асосида ташкил этилган машғулотлар якунланиб, таълимни муваффақиятли тамомлаган иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

Тадбир якунида раҳбарлар ва ёшлар ўртасида самимий мулоқот ўтказилди. Қувонарлиси, 70 нафардан ортиқ ёш маҳкум икки ойга мўлжалланган ўқув дастурлари асосида ҳунармандчилик йўналишларида таълим олиб, сертификат олиш истагини билдирди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, бу каби учрашув ва ўқув машғулотлари ёшларнинг ҳунар ўрганиши, янги кўникмаларни эгаллаши ҳамда келгусида меҳнат фаолиятини йўлга қўйишида муҳим аҳамият касб этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА