Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида “Шахмат фестивали” мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Юртимизда шахматни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва уни оммавий спорт турига айлантириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал ривожланиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини бажармоқда.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида мактабгача таълим тизими ходимлари ва боғча тарбияланувчилари ўртасида шахмат мусобақалари ўтказилиб келинмоқда.
Мусобақада туман (шаҳар) босқичида ғолибликни қўлга киритган ўғил ва қизлар дона суриб, ўзаро баҳслашди.
Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни ўғил бола тарбияланувчилар ўртасида Навоий шаҳридаги 34-давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Муҳсинбек Ишбутаев, қиз бола тарбияланувчилар ўртасида эса Навоий шаҳридаги 19-давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Малика Муртозаева эгаллади.
[gallery-22961]
Ғолиб ва совриндор болажонларга бошқарманинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири