Жавоҳир Синдоров Даъвогарлар баҳсининг илк турида Есипенко билан курашади
Бугун, 29 март куни Кипрда Халқаро шахмат федерацияси томонидан ўтказиладиган Номзодлар турнири мусобақасининг 1-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Кеча мусобақада иштирок этаётган 8 нафар эркак ва 8 нафар аёл гроссмейстерлар шарафига АҚШ, Қозоғистон, Хитой, Ҳиндистон, Нидерландия, Украина, Ўзбекистон ва Кипр давлатларининг байроқлари билан безатилган очиқ майдонда нуфузли мусобақанинг тантанали очилиш маросими ташкил этилди.
Дунёнинг энг маҳоратли шахматчилари иштирокида бошланаётган Даъвогарлар турнирида ҳамюртимиз, 2025 йилги жаҳон кубоги ғолиби Жавоҳир Синдоровнинг қатнашаётгани барчамизга чексиз ифтихор бағишламоқда.

Турнир давомида шахматчилар айланма тизимдаги 14 та тур баҳсларида дона суради. Яъни, ҳар бир иштирокчи бошқалар билан икки мартадан — бир марта оқ, бир марта қора доналарда куч синашади.
Бугун ўтказиладиган 1-тур мусобақасида Синдоров қора доналарда россиялик Андрей Есипенко билан куч синашади.
Шунингдек, германиялик Матиас Блюбаум хитойлик Вей И, ҳиндистонлик Праггнанандха нидерландиялик Аниш Гири, АҚШлик Фабиано Каруана ҳамюрти Ҳикару Накамура билан тўқнаш келади.
Аёллар ўртасида кечадиган дастлабки тур мусобақасида ҳиндистонлик Дивья Дешмукх украиналик Анна Музичук, ҳиндистонлик Вайшали Рамешбабу қозоғистонлик Бибисара Асаубаева, россиялик Александра Горячкина ҳамюрти Катерина Лагно, хитойлик Чжу Цзинер юртдоши Тан Чжунига қарши дона суради.
Мусобақалар 16 апрелга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА