Жасур ва мард ўғлоннинг хотираси ёд этилди
9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган катта лейтенант Қодирбердиев Абдумуталлиб Ўрол ўғлининг ёрқин хотирасига бағишланган тадбир ўтказилди.
Шу муносабат билан марҳумнинг хонадонига Сирдарё вилояти ФВБ Фахрийлар кенгаши раиси Расулжон Деҳқонов бошчилигида соҳа ходимлари ташриф буюришди. Ташриф давомида марҳумнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиниб, уларга ҳурмат ва эътибор кўрсатилди.
Учрашув давомида Абдумуталлиб Қодирбердиевнинг ҳаёт йўли, унинг қутқарув хизматидаги фидойилиги, жасорати ва касбга садоқати алоҳида эътироф этилди. Унинг инсонпарварлик фазилатлари ва хизмат давомида кўрсатган мардлиги ҳамкасблари томонидан ёдга олинди.
– Абдумуталлиб Қодирбердиев ўз хизмат фаолияти давомида ҳақиқий фидойилик ва жасорат намунасини кўрсатган ходимлардан бири эди. У ҳар қандай вазиятда ҳам инсон ҳаётини қутқаришни биринчи ўринга қўяр, хизмат бурчига садоқатни энг олий қадрият деб билар эди. Бундай инсонларнинг номи ва жасорати доимо хотираларда яшайди, – дейди Сирдарё вилояти ФВБ Фахрийлар кенгаши раиси Расулжон Деҳқонов.
Тадбир доирасида марҳум хотирасига эҳтиром билдирилиб, Қуръон тиловат қилинди ва дуолар ўқилди. Шу билан бирга, оила аъзолари билан самимий суҳбат ўтказилиб, уларнинг ижтимоий ҳолати ва эҳтиёжлари ўрганилди.
Маълум қилинишича, Абдумуталлиб Қодирбердиев 1972 йил 5 апрелда Сирдарё вилояти Боёвут туманида туғилган бўлиб, 1996 йилдан буён ёнғин хавфсизлиги тизимида хизмат қилиб келган. У хизмат фаолияти давомида турли масъул лавозимларда ишлаб, фавқулодда вазиятларда инсон ҳаётини қутқариш йўлида фидойилик кўрсатган.
[gallery-29248]
У 2006 йили Янгиер шаҳрида содир бўлган фожиали ҳолат чоғида оқова сув тармоғига тушиб кетган икки нафар фуқарони қутқариш жараёнида хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган.
Таъкидланишича, хизмат вазифасини адо этиш чоғида жон фидо этган ходимларнинг хотирасини ёд этиш, уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Тадбир якунида марҳумнинг отаси Ўрол Қодирбердиев ташкилотчиларга ва соҳа ходимларига кўрсатилган эътибор ва ҳурмат учун миннатдорлик билдирди. У фарзандининг хотирасини унутмай, уни доим ёд этиб келишаётгани учун самимий миннатдорлик сўзларини изҳор этди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА