Жанубда ипак қурти боқишга киришилди
Сурхондарё вилоятида жорий йил ҳосили учун ипак қурти парвариши бошланди.
Вилоятнинг Музработ туманида пиллакорларга ипак қурти тарқатилиб, уни ҳар бир ёши учун талаб этиладиган агротехника қоидалари асосида сифатли парваришлаш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Туман ҳокими Абдулла Маматқулов ҳудудларда бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ипак қуртларини тарқатиш жараёнини кўздан кечирди.

Мамлакатимизда ипак қурти парваришлаш шартнома асосида аҳолининг мавсумий бандлигини таъминлаб, уларнинг қўшимча даромад манбаини яратиш ва саноат учун қимматбаҳо хом ашё ишлаб чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис кейинги йилларда соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, тутзорларни кенгайтириш, агротехника тадбирлари самарали ўтказилишини рағбатлантириш, инновацион ғоялар, илмий ишланмалар ва илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш юзасидан кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Туман раҳбари мулоқот чоғида ипак қурти боқиш истагини билдирган пиллакорларга яратилган шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Жумладан, уларга ипак қурти етказиб бериш, парваришлаш даврида қўшимча имтиёзлар яратиш, зарур ҳолларда ёғ ва ун маҳсулотлари билан таъминлаш хусусида фикр алмашди. Шунингдек, камбағалликни қисқартириш бўйича ижтимоий реестрда рўйхатда турган оилалар ипак қуртини боқиш даврида уларга қўшимча рағбатлантирувчи тўловлар ажратилиши белгилангани таъкидланди. Фермер хўжалиги раҳбарлари ипак қурти парваришлашга жалб этган пиллакорларга тут барги етказиб беришда амалий ёрдам кўрсатиши, ғалла ўрим-йиғими мавсумида бепул буғдой билан таъминлаши юзасидан тавсиялар билдирилди.
Бу йил дастлабки мавсумда Музработ тумани пиллакорлари 2 минг 754 қути ипак қуртини парваришлаб, 165 тонна сифатли хом ашё етиштиришни мўлжалламоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири