Жанубда энг қадимий, энг гўзал, энг нафис байрамга тайёргарлик авжида
Обод ва осуда Ватанимизда фасллар келинчаги баҳор Сурхон тарафдан бошланади. Шу боис жанубдаги воҳада табиат бошқа ҳудудларга нисбатан эрта уйғонади. Майсалар эрта ниш уриб, япроқ ёзади. Дов-дарахтлар эрта куртак очиб, қийғос гуллайди. Сайроқи қушлар ҳам субҳидамдан гўёки кўкламни куйлаётгандек таассурот уйғотади.
Бу йил вилоятда қиш фаслининг анча илиқ келгани табиатни ўтган йиллардагидан ҳам эртароқ уйғотиб, баҳор нафаси эса бошлади. Шунга мос равишда шарқона Янги йил – Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик ишлари ҳам барвақт бошлаб юборилди. Далаларда экин ишларига, ғалла майсалари парвариши ва ариқ зовурларни тозалашга, теварак-атрофни ободонлаштириб, кўкаламзорлаштиришга эртароқ киришилди.


Президентимизнинг “2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ яшариш ва янгиланиш, меҳр-оқибат байрамини “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида юқори савияда кенг нишонлаш белгилаб олинди. Вилоятнинг асосий байрам сайилларини Термиз шаҳридаги муҳташам “Санъат саройи” боғида ўтказиш режалаштирилди.
Халқимизнинг аҳиллик, бағрикенглик, изланувчанлик каби юксак фазилатларини кенг намоён этадиган Наврўз айёми воҳанинг ҳар бир қишлоқ ва маҳалласида, туманларида умумхалқ сайли сифатида кенг нишонланади. Бу шодиёналарга ҳар бир ҳудуднинг тарихи олис ўтмишга бориб тақаладиган қадриятлари, урф-одат ва анъаналари ўзгача файз улашади. Вилоятнинг асосий байрам тадбирида ҳам Термиз шаҳри ва туманлари ўзига ажратилган қўрғонларни миллий қадриятларимизга хос безаб, турли кўргазмалар ташкил қилади. Фольклор санъати ва миллий спорт ўйинларини намойиш этади. Сумалак ва бошқа баҳор таомларини тайёрлаб, байрам иштирокчиларига улашади.

– Наврўз – энг қадимий, энг гўзал, энг нафис байрамимиз, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Жўрабек Тўраев. – Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қадимдан халқимизни ягона мақсад ва эзгу интилишлар атрофида бирлаштириб келган бу шодиёнани юқори савияда нишонлашга эътибор кучайтирилди. Улуғ айёмни асл ҳолида халқ сайиллари сифатида ўтказиш ажойиб анъанага айланди. Бу йилги шарқона Янги йилни ҳам янада жозибали, серзавқ қарши олиш учун қизиқарли дастурларни белгилаб олдик. Сайиллар чоғида намойиш этиладиган томошалар учун миллий либослар ва декорациялар ишлаб чиқилди. Қизиқарли концерт дастурларида фольклор жамоалари ва эл суйган бахшиларга алоҳида ўрин ажратилмоқда. Кураги ерга тегмаган полвонлар беллашувлари ва бошқа миллий спорт ўйинлари байрам тадбирларига янада ўзгача завқу шавқ бағишлайди. Вилоятда байрамни уюшқоқлик билан юксак даражада ўтказиш учун тайёргарлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган.

Одатда Наврўзни йил боши, яшариш ва яшнатиш фаслининг бошланиши сифатида кутиб олиб, улуғлайдиган вилоят аҳли байрам арафасида экин ишларини бошлаш билан бирга ўтган йилни сарҳисоб қилиб, бу йилги режаларини ҳам белгилаб олади. Жумладан, якунланган йил воҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқаришида биргина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 36,7 триллион сўмни ташкил этди. Янги йилда бу кўрсаткични 41,7 триллион сўмга етказиш мўлжалланмоқда. Ўтган йили вилоят ғаллакорлари мавжуд майдонлардан қарийб 248 минг тонна сара дон йиғиштириб олиб, гектарлар ҳосилдорлигини 76,5 центнерга етказган бўлса, жорий йилда ўртача ҳосилдорликни 86 центнерга етказишни кўзда тутмоқда. Шунингдек, мева-сабзавот, полиз ва бошқа экинлардан ҳам ўтган йилдагидан мўл ҳосил олиш учун баҳорги дала юмушлари қизғин бошлаб юборилди.

Юксалишга юз тутаётган вилоятда саноат, қурилиш, тадбиркорлик, хизматлар кўрсатиш ва бошқа соҳаларда ҳам ўтган йилги ютуқларни янада мустаҳкамлаш йўлида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Инсон қадри улуғланаётган мамлакатимизда аҳолининг осуда ва фаровон ҳаёт кечириши учун барча шароит яратилмоқда. Шунга асосан бу йил вилоятда 77 та энг оғир аҳволдаги маҳалла танлаб олиниб, инфратузилмасини тубдан яхшилаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш дастури ишлаб чиқилди. Эндиликда бу маҳаллаларда ерларнинг суғориш тизими яхшиланади. Барқарор электр энергияси ва оптик толали интернет тармоғи билан таъминланиб, ички йўллари таъмирланади. Бунга қўшимча тўртта маҳаллада “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари жорий этилиб, қиёфаси тубдан ўзгартирилади. Бундай улуғвор ишлар учун 77 та энг оғир аҳволдаги маҳаллага 256 миллиард сўмдан ортиқ, тўртта маҳалланинг ҳар бирига уч миллиард сўмдан маблағ ажратилди. Бу ишларни белгиланган муддатларда сифатли амалга ошириш учун “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ҳар бир хонадон, кўча ва инфратузилма объектлари хатловдан ўтказилди. Маҳаллаларга республика даражасидаги раҳбар ва ўринбосарлари, вилоят ҳамда туман, шаҳар идора ва ташкилот, муассасалари мутасаддилари бириктирилиб, кўклам ниш уриши билан барча юмушларни тез, сифатли амалга оширишга киришилди.
Наврўз инсоннинг табиат билан узвийлигини, халқимизнинг меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик каби бебаҳо фазилатларини ўзида ифодалайдиган улуғ айём. Бу йил ҳам янгиланаётган қишлоқ ва маҳаллаларда, шаҳар ва туман марказларида ташкил этиладиган байрам шодиёналари кўп миллатли халқимизни она заминни ардоқлаб, унинг бебаҳо неъматларини, тўкин, тинч ҳаётини қадрлашга ундаши, осуда ва обод юртда шукроналик ҳисси билан яшашга чорлаши билан янада серфайз, серзавқ ўтади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири