Жанговар самбочиларимиз жаҳон кубогида тенгсизлигини намойиш этди
Душанбе шаҳрида самбо бўйича ўтказилган Жаҳон кубоги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умумий ҳисобда 16 та медални қўлга киритди.
Нуфузли мусобақанинг илк кунида 7 та медалга эгалик қилган самбочиларимиз иккинчи кундаги беллашувларда 4 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медалларига эгалик қилди.

Шиддатли кечган курашларда маҳоратли спортчиларимиздан Лутфулла Сайдаматов, Баҳодир Боқиев, Ислом Носиров жанговар самбода, Шинар Ибраева спорт самбосида ўз вазн тоифаларида олтин медал, Ўткир Ғуломалиев (жанговар самбо) кумуш, Моҳинур Қудратова, Феруза Хўрозова, Мусохон Зиядинов, Амир Қудратуллаев бронза медал соҳиблари бўлди.
Жаҳон кубогини 4 та олтин, 6 та кумуш ва 6 та бронза медали билан якунлаган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари мусобақанинг жанговар самбо йўналишида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаганлиги ўзига хос аҳамият касб этди.
Т. Рўзиев, ЎзА