Жамоатчилик фикри – маҳаллий Кенгашлар қарорларининг муҳим мезони
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан қарор лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасига чиқариш механизми аллақачон шаклланиб, амалиётда фаол қўллаб келинмоқда. Бироқ, аҳолининг бу жараёндаги иштирокини янада кенгайтириш лозимлиги кўзга ташланмоқда. Кенгашлар жамоатчилик муҳокамасига қўйилаётган айрим қарор лойиҳалари иловаларнинг очиқламаслиги, лойиҳани тайёрлашдан олдин кўтарилаётган масала бўйича аҳолининг фикрлари, таклиф ва мулоҳазаларини ўрганиш ишларининг етарли даражада ташкил этмаслиги жамоатчилик муҳокамалари самарадорлигига ўз таъсирини ўтказмоқда.
Давлат бошқарувида очиқлик ва халқ билан мулоқотни таъминлаш, фуқароларнинг ўз ҳудудига дахлдор қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади. Маҳаллий даражада қабул қилинаётган ҳар бир қарор – йўл қурилишими, тариф белгилашми ёки бюджет маблағларини тақсимлашми – аҳолининг кундалик ҳаётига, яшаш шароитига ва ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожига бевосита таъсир кўрсатади.
Маҳаллий Кенгашларнинг қарор лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасига қўйиш амалиёти айнан ушбу мақсадга хизмат қилади. Лойиҳа қарорга айланмасидан олдин аҳолига тақдим этилса, фуқаролар унга муносабат билдириш, муаммони кўрсатиш ёки муқобил таклиф киритиш имкониятига эга бўлади. Мазкур жараёнда аҳолининг хабардорлигини ошириш, фикр билдириш имкониятларини кенгайтириш ва билдирилган таклифларнинг кейинги тақдирини очиқ кўрсатиш муҳим механизм ҳисобланади.
Илғор тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, жамоатчилик муҳокамаси фақат “лойиҳа маъқул келгани ёки келмагани” деган муносабатдан иборат бўлмаслиги лозим. Бунда асосий эътибор, аҳоли қарор лойиҳасида назардан четда қолган жиҳатларни кўрсатиши, ҳудуддаги реал муаммоларни баён қилиши ва муқобил ечимларни таклиф қилиши учун имконият яратишига қаратилиши керак.
Шу боис, қарор лойиҳалари муҳокамасида жамоатчилик иштирокининг самарадорлигини баҳолашда фақат “нечта қарор лойиҳаси эълон қилинди?”, деган савол билан чекланиб бўлмайди. “Нечта фуқаро иштирок этди?”, “Қанча таклиф келиб тушди?” ва энг муҳими “Уларнинг қанчаси инобатга олинди?” каби мезонларга ҳам эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Тажриба ва амалиёт қарор лойиҳалари бўйича келиб тушган таклифлар “Инобатга олиндими?”, “Инобатга олинган таклифлар улуши қанча?” сингари саволларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги асосий эътибор қаратилиши лозим бўлган мезонга айланиши кераклигини кўрсатмоқда.

Хориж тажрибасига назар ташлаганда яна бир муҳим жиҳат кўзга ташланади. Жумладан, самарали жамоатчилик иштироки қарор тайёр бўлгандан кейин уни аҳолига кўрсатиш билан чекланмайди. Масалан, Буюк Британияда айрим маҳаллий қарор ва режалар дастлабки босқичданоқ аҳоли, бизнес ва бошқа манфаатдор томонлар билан биргаликда муҳокама қилинади. Грециянинг Родос шаҳрида маҳалла кенгашлари орқали аввал ҳудуд эҳтиёжлари аниқланади, сўнггина маҳаллий лойиҳа ва ташаббуслар бўйича таклифлар шакллантирилади.
Япония ва Жанубий Корея тажрибаси эса яна бир муҳим детални очиб беради: фуқаролар фикрини қабул қилишнинг ўзи кифоя қилмайди, унга нисбатан расмий муносабатни очиқ кўрсатиш ҳам зарур. Қайси таклиф инобатга олингани, қайси бири рад этилгани ва нима учун рад этилгани буларнинг барчаси жамоатчиликка маълум қилинади. Натижада қарорлар аҳоли эҳтиёжлари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади, бу эса жамоатчилик муҳокамасининг қарор сифатига таъсирини янада оширади.
Қарор лойиҳасини интернетга жойлаштиришнинг ўзи ҳали очиқликни тўлиқ таъминламайди. Бу жараённинг фақат биринчи босқичи, холос. Лойиҳага оид қўшимча маълумотларни тақдим этиш ва уларни аҳоли учун тушунарли тилда бериш худди шунчалик муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, маҳаллий бюджет маблағларини йўналтириш, транспорт, ободонлаштириш, ижтимоий ҳимоя ва ҳудудларни ривожлантиришга оид масалаларда лойиҳанинг барча иловалари, асословчи маълумотлари ва ҳисоб-китоблари очиқ бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Фуқаро қарор лойиҳасини тўлиқ тушуниш учун фақат асосий матн билан чекланиб қолмаслиги керак. Бунда ижтимоий тармоқлар ҳам муҳим ўрин тутиши мумкин. Кенгашнинг мавжуд аудиторияси орқали қарор лойиҳасининг қисқача мазмуни, аҳоли учун аҳамияти, муҳокама муддати ва тўғридан-тўғри ҳаволаси бир жойда берилса, фуқаронинг жараёнда иштирок этиши анча осонлашади.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида жамоатчилик иштирокини кучайтириш учун тарқоқ тадбирлар эмас, ягона ва тушунарли тизим зарур. Бунинг учун, аввало, ҳар бир қарор лойиҳаси порталга жойлаштирилиши билан бир вақтда Кенгашнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида ҳам эълон қилиниши лозим.
Иккинчидан, аҳоли учун муҳим лойиҳалар бўйича очиқ муҳокама муддатлари ва иштирок шакллари аниқ белгиланиши керак. Учинчидан, муҳокама якунлангандан кейин фуқароларнинг таклифлари тақдири ҳам очиқ кўрсатилиши лозим. Унда қайси таклифлар қабул қилингани, қайсилари рад этилгани ва унинг сабабларига ойдинлик киритиш жамоатчилик ишончини мустаҳкамлайдиган асосий омилдир.
Буюк Британиянинг қарорни дастлабки босқичдан жамоатчилик билан бирга ишлаб чиқиши, Япониянинг билдирилган фикрларга расмий муносабатни очиқлаши, Жанубий Кореянинг лойиҳаларни олдиндан эълон қилиши ва Грециянинг ҳудуд аҳолисини маҳаллий масалаларни шакллантириш жараёнига жалб этиши булар барчаси мамлакатимиз маҳаллий Кенгашлари учун ҳам амалий аҳамиятга эга тажриба.
Зеро, очиқлик фақат қарорни эълон қилишдан иборат эмас. У қарор қабул бўлгунига қадар жамоатчилик овозини эшитишни ва қарор қабул қилингандан сўнг билдирилган фикрларнинг қандай инобатга олинганини маълум қилишни ҳам ўз ичига олади. Кенгашларнинг жамоатчилик билан мулоқоти қанчалик тизимли, очиқ ва натижага йўналтирилган бўлса, қабул қилинаётган қарорларнинг ҳаётийлиги, асосланганлиги ва аҳоли ишончи ҳам шунчалик юқори бўлади.
Мақсад Исабоев,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Наманган вилояти ҳудудий бўлинмасининг бош мутахассиси, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент
ЎзА