Жамоат шартномасини тасдиқлашга бағишланган конференция бўлиб ўтди
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ректорати ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида тузилган жамоат шартномасининг 2025 йилдаги ижросини кўриб чиқиш, шунингдек, 2026-2028 йилларга мўлжалланган жамоат шартномасини тасдиқлашга бағишланган конференция ташкил этилди. Унда институт факультетлари, кафедралар ва бўлимлардан делегатлар иштирок этди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгаши раиси У.Жалменов, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича масъул ташкилотчиси Р.Абдураҳманов, институт ректори в.в.б. Қ.Қодиров ва бошқа маърузачилар томонидан делегатларга конференция кун тартибидаги масалалар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Таъкидланганидек, ҳозирги кунда институтнинг касаба уюшмаси қўмитаси аъзолари сони 14 минг 925 кишини ташкил этади. Шундан 1 минг 131 нафари профессор-ўқитувчи ва ходимлар, 13 минг 794 нафари талабалар ҳисобланади.

Касаба уюшмаси қўмитаси институт ходимлари ва талабаларини рағбатлантириш комиссиясига аъзо бўлиб, ушбу комиссия орқали моддий ва маънавий рағбатлантириш, меҳнат муҳофазасини ташкил этиш ва ижросини назорат қилишда иштирок этди. Ўқув юртининг ички тартиб-қоидаларини тушунтириш ишлари олиб борилиб, ходимларнинг иш ўрни қисқартирилиши бўйича қўмитанинг олдиндан розилиги олиниши йўлга қўйилди.

Ўтган йиллар давомида 61 нафар ходим ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан, 106 нафар ходим касаба уюшмаси тўлови маблағи ҳисобидан республика дам олиш ва саломатлигини тиклаш марказларида бўлиб қайтди. Йил давомида барча байрам кунлари танловлар, спорт мусобақалари, давра суҳбатлари, учрашувлар, ўқув семинарлари ташкил этилиб, касаба уюшмаси қўмитаси томонидан молиялаштирилди.

Шу билан бирга, жамоат шартномаси асосида ходимларнинг иш шароитларини яхшилаш, ойлик маошларини ўз вақтида бериш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги чораларини йўлга қўйиш, талабаларнинг ўқиш шароитларини яхшилаш, стипендияларини ўз вақтида бериш борасида ҳам ижобий ишлар амалга оширилди.
Конференцияда делегатлар томонидан 2026-2028 йилларга мўлжалланган жамоат шартномаси тасдиқланди ва кун тартибидаги масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.