Жамғармаси 5 миллиард сўмлик олимпиада ғолиблари маълум бўлди
Сурхондарё вилоятида Термиз иқтисодиёт ва сервис университети, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида мактабларнинг битирувчи синф ўқувчилари учун умумий жамғармаси 5 миллиард сўмлик фан олимпиадаси бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Олимпиаданинг мактаб босқичида 30 минг, туман ва шаҳар босқичида 5 минг 841 нафар иқтидорли ўқувчи математика, кимё, биология, ўзбек тили ва адабиёти, рус, инглиз тиллари ва информатика фанлари бўйича тест асосида ўз билим ва заковатини синовдан ўтказди.
Вилоят босқичида энг иқтидорли 113 нафар 11-синф ўқувчиси очиқ-ошкора ўтказилган тест синовларида иштирок этиб, 23 нафари ғолиб бўлди.
Олимпиадада биринчи ўринни эгаллаган ўқувчилар Термиз иқтисодиёт ва сервис университетида тўлиқ грант асосида ўқиш ҳуқуқини қўлга киритиб, ҳар бири 12 миллион сўмдан пул мукофотига сазовор бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритган иқтидорли ўқувчиларга ҳам олий таълим муассасасида грант асосида ўқиш учун сертификат топширилиб, 9 ва 7 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

– Олимпиадада рус тили ва адабиёти фани бўйича иштирок этиб, барча босқичларда ғолиб бўлдим, – дейди Қумқўрғон туманидаги 74-умумтаълим мактаби 11- синф ўқувчиси Нозима Абдумуродова. – 12 миллион сўм пул маблағи билан мукофотландим. Грант асосида ўқишга қабул қилиндим. Беллашув келажакда мақсадимга эришишим учун йўл очиб берганидан хурсандман. Болаликдан рус тилига қизиқишим баланд. Мактабни тугатгач, университетда ўқиб, рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлмоқчиман.

Ғолибларни тақдирлаш маросимида фанлар бўйича биринчи ўринларни эгаллаган ўқувчиларнинг устозларига беш миллион, иккинчи ўрин учун уч миллион ва учинчи ўринга сазовор бўлган битирувчи синф ўқувчилари ўқитувчиларига икки миллион сўм пул мукофоти топширилди. Олимпиада ғолиблари ўқиётган мактабларнинг директорлари биринчи ўрин учун етти миллион сўм, иккинчи ва учинчи ўринлар учун олти ва беш миллион сўмдан пул мукофоти берилди. Вилоят босқичида энг юқори натижаларни қайд этган ўқувчиларга эга бўлган туман, шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудирлари 50, 30, 15 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди.

Жорий йил вилоятда илк марта ўтказилган ноанъанавий олимпиада ўқувчи- ёшларнинг илм-фанга қизиқишини янада ошириб, уларни ва фидойи устозларини муносиб рағбатлантиришга, келажакда юртимиз тараққиёти учун хизмат қиладиган етук кадрларни тайёрлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА