Жаҳон чемпионати: Испания ярим финалда Францияга қарши майдонга тушади
АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтаётган 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг чорак финалидан ўрин олган Испания – Бельгия учрашуви Лос-Анжелес шаҳридаги "SoFi Stadium" ўйингоҳида бўлиб ўтди.
Учрашувнинг 30-дақиқасида Тибо Куртуа қайтарган тўпни Фабиан Руис аниқ зарба билан дарвозага йўллаб, ҳисобни очди. Бельгияликлар эса 41-дақиқада жавоб қайтарди. Шарль де Кетеларе бош билан йўллаган зарбаси орқали ҳисобни тенглаштирди. Бу гол Испания терма жамоасининг мазкур мундиалда ўтказиб юборган илк голи бўлди.

Иккинчи бўлимда Бельгия учун нохуш ҳолат юз берди. Жамоа сардори ва асосий дарвозабони Тибо Куртуа 70-дақиқада жароҳат туфайли майдонни тарк этди. Унинг ўрнига майдонга тушган Сенне Ламменс учрашув сўнгида хатога йўл қўйди. Ушбу вазиятдан унумли фойдаланган Микель Мерино 88-дақиқада ғалаба голини киритиб, Испанияга 2:1 ҳисобидаги муҳим зафарни тақдим этди.
Мазкур натижадан сўнг Испания терма жамоаси Жаҳон чемпионатининг ярим финалига йўл олди. Энди испанлар финал йўлланмаси учун Франция терма жамоаси билан куч синашади. Испания – Франция ўртасидаги ярим финал баҳси мамлакатимиз вақти билан 15 июль куни соат 00:00 да Даллас шаҳридаги "Dallas Stadium" ўйингоҳида бўлиб ўтади.
Маълумот учун, 11 июлдан 12 июлга ўтар кечаси яна икки чорак финал учрашуви ўтказилади. Майами шаҳридаги «Майами» стадионида Норвегия ва Англия терма жамоалари ўзаро куч синашади. Яна бир чорак финал баҳси «Канзас-Сити» стадионида Аргентина ва Швейцария терма жамоалари иштирокида ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА