Жаҳон банки Ўзбекистон таълимига 105 миллион доллар ажратди
Жаҳон банки Ўзбекистонда бошланғич таълим сифатини ошириш ва келажакда рақобатбардош кадрларни тайёрлашга қаратилган йирик дастурни молиялаштиришни маъқуллади. Мазкур ташаббус мамлакат таълим тизимини модернизация қилиш, ўқитувчилар салоҳиятини ошириш ҳамда мактаб инфратузилмасини яхшилашга хизмат қилади.
Вашингтонда Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаш мақсадида 100 миллион доллар миқдорида имтиёзли молиялаштириш ажратишни тасдиқлади. Шунингдек, Таълимни молиялаштириш халқаро жамғармаси (IFFEd) томонидан 5 миллион долларлик грант ҳам тақдим этилади. Бу мазкур жамғарма ва Жаҳон банки ўртасидаги илк ҳамкорлик ҳисобланади.
Мазкур маблағлар «Иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун мактаб таълимини ўзгартириш» (BILIM) дастурини амалга оширишга йўналтирилади. Дастурнинг умумий қиймати 378 миллион доллар бўлиб, уни молиялаштиришда Ўзбекистон Ҳукумати 273 миллион доллар, Жаҳон банки 100 миллион доллар, IFFEd эса 5 миллион доллар ҳисса қўшади.
Сўнгги йилларда мамлакатда аҳоли сонининг тез ўсиши ва ички миграция жараёнлари мактаблар юкламасини сезиларли даражада оширди. Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йилда Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари сони 7,6 миллион нафардан ошади.
Бу эҳтиёжни қондириш учун мамлакатда ҳар йили тахминан 300 та янги мактаб қурилиши талаб этилади.
Айни пайтда бошланғич таълим билан қамров даражаси 99 фоиздан юқори бўлса-да, ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлиги ва математика бўйича халқаро баҳолаш дастурларидаги натижалари ҳали ҳам кутилган даражада эмас. Шунингдек, ўқитиш методикалари ва педагогларнинг касбий ривожланиш тизимини такомиллаштиришга эҳтиёж сақланиб қолмоқда.
Дастур Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида амалга оширилади.
Бу ҳудудларда мамлакатдаги барча мактабларнинг қарийб 45 фоизи жойлашган бўлиб, айнан шу ерларда ўқув ўринлари етишмаслиги ва таълим сифати билан боғлиқ муаммолар нисбатан кўпроқ кузатилади.
BILIM дастури доирасида 50 минг нафар бошланғич синф ўқитувчилари, мактаб директорлари ва таълим тизими раҳбарлари қайта тайёрланади ҳамда малакаси оширилади.
Янги мактаблар қуриш ва мавжудларини кенгайтириш ҳисобига 27 мингта янги ўқув ўрни яратилади. Таълимни бошқаришда рақамли маълумотлар базаси такомиллаштирилиб, ресурслардан самарали фойдаланиш тизими жорий этилади. Ушбу чора-тадбирлар 1-4-синфларда таҳсил олаётган қарийб 2 миллион нафар ўқувчига, жумладан, уларнинг ярмини ташкил этувчи қиз болаларга бевосита наф келтириши кутилмоқда.
Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасиннинг таъкидлашича, бошланғич синфларда ўқиш, математика ва ижтимоий-эмоционал кўникмаларни ривожлантириш мамлакат инсон капитали ва иқтисодий тараққиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Унинг қайд этишича, айнан шу кўникмалар келажакда ёшларни тез ўзгараётган меҳнат бозори талабларига мослаштириш, юқори даромадли иш ўринларига эга бўлиш ва инновацион иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади.
Бугунги кунда мамлакат иқтисодий ривожланишининг энг муҳим омилларидан бири, сифатли таълимдир. Замонавий меҳнат бозори энди фақат дипломни эмас, балки функционал саводхонлик, танқидий фикрлаш, рақамли кўникмалар ва муаммони ҳал қилиш қобилиятини ҳам талаб қилмоқда. Шу нуқтаи назардан, BILIM дастури нафақат мактаблар қуриш ёки ўқитувчиларни қайта тайёрлаш лойиҳаси, балки Ўзбекистоннинг инсон капиталига йўналтирилган узоқ муддатли инвестиция ҳисобланади. Таълим сифатига киритилган ҳар бир сармоя келажакда меҳнат унумдорлигининг ошиши, иқтисодий ўсиш ва аҳоли фаровонлигининг юксалишига хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА