Жаҳон банки, ОТБ ва KPMG иштирокида давлат харидлари соҳаси муҳокама қилинди
Тошкент шаҳридаги «Courtyard by Marriott» меҳмонхонасида «Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали саноат кооперацияси ва давлат харидлари тизимини мустаҳкамлаш» мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда халқаро молия институтлари ва ташкилотлари, хорижий экспертлар, Ўзбекистонда фаолият юритаётган дипломатик ваколатхоналар вакиллари, шунингдек, нуфузли халқаро консалтинг компаниялари мутахассислари иштирок этди.
Давра суҳбатида Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигининг жорий йил биринчи ярим йиллигида халқаро ҳамкорлик ҳамда илмий-ишлаб чиқариш йўналишларида амалга оширган ишлари, эришилган натижалари ва келгусидаги устувор вазифалари тақдим этилди.
– Агентлигимиз томонидан Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ҳамда бошқа халқаро молия институтлари ва ташкилотлари билан 30 дан ортиқ учрашув ўтказилди, – дейди Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директор ўринбосари Жаҳонгир Юнусов. – Шунингдек, Korea Elevator University, Korea Elevator Safety Foundation, KPMG ва БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Тадбир давомида давлат харидлари тизимини такомиллаштириш, маҳаллий қиймат улушини ошириш, хизматларни маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантиришда халқаро тажриба, илғор билим ва инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, илмий-тадқиқот муассасалари, таълим тизими ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, «мактаб – олий таълим – фан – ишлаб чиқариш» занжирини самарали боғлаш ҳамда илмий ишланмаларни тижоратлаштиришнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.
[gallery-https://uza.uz/uz/collection/30635]
Тадбирда Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, KPMG, Ernst & Young (EY), McKinsey ҳамда UNDP вакиллари сўзга чиқиб, давлат харидлари тизимини янада шаффоф ва барқарор қилиш, институционал ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган қўшма лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
Давра суҳбати очиқ мулоқот руҳида ўтди. Унда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, илғор хорижий тажрибаларни кенг жорий этиш ва қўшма инвестиция ҳамда илмий-амалий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Тадбир якунида давлат харидлари ва саноат кооперацияси соҳаларида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, илмий муассасалар, халқаро ташкилотлар ва хусусий сектор ўртасидаги шерикликни кенгайтириш бўйича ўзаро келишувларга эришилди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бундай ҳамкорлик мамлакатимизда давлат харидлари тизими самарадорлиги ва очиқлигини ошириш, маҳаллий саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА