Пискент тумани Файзобод маҳалласида 540 та хонадон, 759 та оилада 2806 нафар аҳоли истиқомат қилади. Улардан 96 нафарида ногиронлик аниқланган. Улар доимий ёрдам ва эътиборга муҳтож инсонлар бўлгани учун ишлаш алоҳида эътибор ва меҳр талаб этади.
Маҳаллада фаолият юритаётган комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим Сарвиноз Мамадалиева кунлик иш режасини тузиб олган. Жумладан, ҳар бир оилага меҳр ва ғамхўрлик билан ёндашиш, уларнинг муаммоларини имкон қадар ҳал қилиш борасида жуда куюнчаклик қилади. Шунга кўра, бу иш оддий хизмат эмас, балки инсонларга енгиллик яратиш, уларнинг дилларига ишонч бағишлашдир.

– Иш жараёнида турли ёшдаги инсонлар билан мулоқот қиламан. Уларнинг орзу ва умидлари тинглайман. Ҳар бир оиланинг ҳолатига чуқур эътибор билан қараб, имкон даражасида ёрдам беришга ҳаракат қиламан, – дейди Сарвиноз Мамадалиева.

Иш жараёнида Наврўз кўчасида яшовчи, ногиронлиги бўлган шахс Собир Фозиловнинг хонадони ўрганилди. Соғлигидаги муаммолар туфайли у илгари ишлай олмаган, ижтимоий ҳаётдан узилган эди. Шундан сўнг кейс-менежмент ёндашуви асосида унга ёрдам кўрсатила бошланди. Аввало, тиббий кўрикдан ўтказилиб, даволанишга эҳтиёжи аниқлангач, моддий ёрдам кўрсатилди. Газ ва электр энергияси учун компенсацияга рўйхатга олинди, томорқасига сабзавот уруғлари ва узум кўчатлари учун ишкомлар қуриб берилди. Ҳозирда эса фуқаро уйининг ички қисмини таъмирлаш учун “Саховат ва кўмак” жамғармасига ариза топширилган.

Мазкур маҳаллада яшовчи яна бир фуқаро Даврон Ўтаев ҳам оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган эди. У ижтимоий ходим томонидан “Камбағал оилалар реестри”га киритилиб, зарурий ёрдамлар билан таъминланди. Баҳор ойларида Сарвиноз Мамадалиева ва ҳоким ёрдамчиси кўмагида унга 60 та ўрдак олиб берилди. Бугунги кунда парранда сони 450 бошга етган.

– Ҳозирда даромадим ёмон эмас. Яқинда ошхона очиб, тадбиркорликни кенгайтиришни режалаштиряпман, – дейди Даврон ака. – Масъулларга раҳмат. Биз каби инсонларга қўлдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг ишончини оқлаб, оиламга ва жамиятга фойда келтиришга ҳаракат қиляпмиз.
Ушбу оилалар Тошкент вилояти ҳокимига бириктирилган бўлиб, ижтимоий хизматлар уларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши таъминламоқда. Аслида Пискент туманидаги Файзобод маҳалласида кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар бу шунчаки ёрдам эмас, балки инсонийлик, меҳр, эътибор ва орзу-умидларни рўёбга чиқариш йўлидаги фидокорликдир.
А.Мусаев, ЎзА