Ижтимоий ҳимоя – инсон қадри ва фаровонлигининг муҳим кафолати
Жамиятда ҳар бир инсон турли ҳаётий вазиятларга дуч келиши мумкин. Ишсизлик, кам даромад, ногиронлик, кексалик ёки бошқа ижтимоий омиллар инсоннинг муносиб ҳаёт кечиришига таъсир қилади.
Ана шундай пайтларда ижтимоий ҳимоя тизими инсонни қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади. Бугун ижтимоий ҳимоя фақат моддий ёрдам кўрсатиш билан чекланмай, инсонни қийин вазиятдан чиқариш, унинг мустақил ҳаёт кечириши учун зарур имкониятларни яратишга қаратилган кенг қамровли соҳа сифатида қаралмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, мамлакатимизда бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг январь-июль ойлари давомида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, бандликни таъминлаш, болалар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтириш бўйича кенг қамровли ишлар бажарилди. Шунингдек, ижтимоий суғурта, ногиронликни белгилаш, “Кундузги парвариш” хизмати, “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида кўрсатилаётган хизматлар янада кенгайтирилди.
Жумладан, 1 июлдан касаллик варақалари асосида вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотганлик нафақаси Ижтимоий суғурта жамғармаси орқали тўланиши йўлга қўйилиб, 63 мингдан ортиқ шахсларга 75,5 млрд. нафақалар тўлаб берилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА