Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ушбу соҳага давлат бюджетидан ва бошқа манбалар ҳисобидан ажратилган маблағларни аниқ йўналтириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ижтимоий ҳимоя дастурлари самарадорлигини таъминлаш мақсадида ижтимоий ҳимоя учун ажратилаётган бюджет маблағларидан фойдаланишни назорат қилиш ҳамда ижтимоий ҳимоя чораларини белгилашнинг шаффофлигини ошириш зарурияти юзага келмоқда.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси билан айрим нотариал ҳаракатлар ҳақидаги маълумотлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига берилиши таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг ижтимоий ёрдам ва хизматлардан фойдаланиш тўғрисидаги аризалардаги имзолари, агар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан ҳақиқийлиги текширилган бўлса, нотариал шаҳодатлаш талаб этилмаслиги назарда тутиляпти.

Парламент қуйи палатаси мажлисида мазкур ҳужжат лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилар экан, Қонунчилик палатаси Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Назира Мухторова лойиҳа ҳақида батафсил маълумот берди.
— Лойиҳада “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ариза берувчиларнинг уларнинг розилиги асосида банк сирини ташкил этувчи маълумотларини ахборот тизими орқали олишга ва ишлов беришга ҳақли экани белгиланмоқда. Нотариал ҳаракатлар ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан қимматли қоғозлар, кўчмас мулк, автомототранспорт воситаларининг олди-сотди, ҳадя, ижара, гаров шартномалари тўғрисидаги, мерос ва ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотлар ижтимоий ҳимоя органларига тақдим этилади.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ижтимоий ҳимоя органи томонидан эҳтиёжманд фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ҳар томонлама баҳолаш орқали давлат томонидан аҳолига кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам ва хизматларнинг манзилли йўналтирилишини ва самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади, — деди депутат.
Муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА