Ижодкорларнинг асарлари орқали Ўзбекистонни дунё танимоқда
Давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлиги ва катта эътибори туфайли Ўзбекистонда фаол ижод қилаётган, сермазмун асарлари билан дунёга юз тутаётган адиб ва шоирлар сони тобора кўпайиб бораётир.Президентимизнинг китоб мутолааси ва китобхонликни янада кучайтириш хусусидаги қарор ва фармонлари ҳаётга тадбиқ этилмоқда.Ўзбек адиблари дунёга танилаяпти.
Бугунги китобхонни ХХ1 аср ўзбек адабиёти манзаралари қизиқтириши табиий.Бу ҳақда тасаввур ҳосил қилиш учун наср, назм, драматургия ва адабиётшуносликнинг айни пайтдаги тараққиёти хусусида мулоҳаза ва мушоҳада юритиш катта наф келтиради.
Ижодий жараёнда кечаётган ижобий ўзгаришлар, муаммолар, адиб ва шоиралар юрагини зирқиратиб турган оғриқли нуқталар қайсилар? Табиийки, бу каби кўпдан кўп саволлар ёмғири ҳар қандай ўқувчини довдиратиши аниқ.Бироқ таниқли шоир, адиб, драматург ва адабиётшунослар билан гурунглар бу каби ташвишли саволларга жавоб излаш имконини беради.
Бугунги суҳбатдош-таниқли ижодкор - Хосият Рустамова талантли шоира сифатида анча йиллардан буён шеьр мухлислари қалбига олов ёқиб келаётир.
Адабий суҳбат бедовининг жиловини аниқ бир мақсадга ёки мавзуга йўналтириш осон кечмади.Аммо қалби уйғоқ ва нозик таьбли шоира юраги замон билан ҳамнафас ва халқ дарди билан ёниқ ҳолда уриб турганлигини унинг адабий суҳбати давомида тезда илғаш қийин бўлгани йўқ.
Ижод-сирли, сеҳрли дунё.Бу хусусдаги ўйлар, беҳисоб дардларни ўқувчи билан баҳам кўриш орзуси ҳар қандай ижодкорни безовта қилади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. 2019 йилдан эса Озарбойжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоира Хосият Рустамова бу йил 55 ёшга тўлди.Босиб ўтилган ўттиз йиллик ижодий йўл, ижодий жараён,ёзиш машаққатлари хусусида бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.
– Ёзиш нима?
– Ёзиш – эҳсон. Аллоҳнинг эҳсони, буюк марҳамати! Менинг назаримда, фақат ёзаётганингда Унга яқин эканингни, яшаётганингни, энг муҳими тириклигингни ҳис килишинг мумкин бўлган ягона жараён! Юзингни юваётган ёш бутун дунёни ғубордан тозалаётганга ўхшайди.. Ҳар бир томчини ушлаб қолиб бўлганида, шу томчиларнинг ўзи сен ҳақингдаги энг яхши ёки энг ёмон гапни айтиши мумкин бўларди... Шу хонангдаги столингдан тортиб ҳамма жиҳозлар уни тасдиқлаши, вақт эса гувоҳлик бериши мумкин эди... Афсус, сен ҳақингдаги энг рост гапни фақатгина Сўзлар айтиши мумкин. Фақат Улар хам энг тажрибали усталар тарафидан қурилган тарихий бинолар каби пишиқ ва мустаҳкам бўлса! Буларнинг ҳаммаси Яратганнинг қўлида! Бизни яратаётиб, бизни қандай бўлишимизни истаган Раббимнинг истагидандир!
– Нима учун ёзасиз?
– Ёзишга эҳтиёжим борлиги учун ёзаман. Ёзсам, ўзимни яхши ҳис қилишим учун ёзаман. Ёзсам, ўзимни қушдай ҳис қиламан. Ҳатто учаётганимни тасаввур қила оламан.
Ёзсам, тириклигимни, яшаётганимни ва ҳаётни, одамларни севаётганим учун ёзаман. Юрагимнинг уришидан, сочимни оқараётганигача биламан... Ҳатто шу нарса ҳам ёзишдан тўхтатолмаслиги, нимадир ёзишга ундайвериши учун ёзаман...
Мен яшаётганим ушбу кунларда фақат, фақат ёзишим кераклигини ич-ичимдан ҳис қиламан ва бутун виждоним ҳамда кўзимдаги ёш билан тасдиқлайман. Лекин биламан, ёзаётганимдан ёзолмаётганларим кўп! Мен буни ичимдаги беаёв тўлқиннинг шафқатсиз зарбаларидан ҳис қилиб тураман. Ўзимни қаерга қўйишни, қандай қутқаришни билмай қоламан баъзан. Албатта, бу гапларни айтиб бўлмаслигини ҳам биламан. Энг катта сирни очаётганга ўхшайсан одам. Лекин бу Дунёда Сенга ўхшаган яна кимдир борлигига ишонасан ва айнан ўша шоир учун айтасан ушбу сирни! Ёзишдан чалғимаслиги, вазият қандай бўлишидан қатьий назар юрагини ўзи учун ватан деб қабул қилиши ва унга суяниши учун айтасан. Ва Сенга ҳам кимдир айтишини шу қадар хоҳлайсанки... Бу истакнинг жавоби каби қулоқларингга акс-садолар ернинг остидан кела бошлайди. Сен у овозларни бехато танийсан... Бепарда эшитасан! Ҳаётнинг айнан мана шу лаҳзалари сен ёлгиз эмаслигингни, қаердадир (ернинг остида бўлса ҳам) кимдир Сенга қараб турганини ва охирида ёзишинг зарурлигини тушуниб етишингга ёрдам беради. Сени умидлантиради.
– Ёзолмай қолиш нима?
– Аслида, ёзолмаслик ҳам ёзиш экан, мен буни кейинроқ тушундим. Ёзган ва ёзмаган кунларингнинг фарқи, ёзган вақтингда қоғозга, ёзмаган вақтларингда эса ҳамма тарафингга ёзаркансан. Факат, юрагинг ўйилиб кетаркан бу ёзувлардан, тананг букчайиб кетаркан... Сочинг аввалгига қараганда кўпрок оқариб, киприкларингга қадар жон талашар экан, бунинг сабабини на сен, на сени Яратган айтиб беролади... Кўзларинг ҳар томон жовдираб Сўз қидирганда, нигоҳинг қирқ беш даража иссиқда музлаб қолганида, одамлар билан гаплашолмаганингда, ҳар қандай давра сенинг давранг эмаслигини ичингда кимдир айтиб турганида, айниқса, бу дунёга бегона эканингни ҳис қилган кунингдан сенинг қоғозга ёзолмаслигинг бошланаркан... Ҳозирги ақлим ўшанда бўлганида, бу ҳолатни енгиш унчалик қийин бўлмасди. Кулиб ўтардим, кулиб енгардим...
Афсус... Мен эса довдираб қолгандим... Ўзимни йўқотиб қўйгандим. Бошимни қаерга уришни, жонимни қаёққа қўйишни билмасдим. Ўзимни бекитиб қўйгим келарди дунёдан. Бир куни ҳатто иккинчи қават деразасидан ўзимни ташласамчи, деб ўйлаганман. Чунки, ёзув столидан қуруқ кайтавериш ҳолдан тойдирган, жоним бўғзимга келиб бўлганди... кейин... унчаям кўп вақт ўтмасдан англаб етдимки, аслида ёзмаган кунларинг ҳам ўзингга ёзаркансан!
–Қачондан ёзишни бошлагансиз, илк ёзган шеърингиз хотирангиздами?
– Ҳарфларни тўғри келган жойга чизишни бошлаганимдан шеър ёзган бўлишим керак. Ҳамма болалар каби мен ҳам ҳарфлардан ҳайратланганман. Дадамнинг газетадан бош кўтармасликлари мени ҳайрон қолдирар, газетани қўлларидан қўйишлари билан мен унинг ҳарфларини бўш жойи қолмаган дафтарим хошияларига чиза бошлардим. Ҳамма-ҳамма нарсани билгим, тезроқ катта бўлгим келарди. Кунлар, тунлар бирам узун эдики, ҳа деганда тонг отиб, ҳа деганда тунлар кетиб қўя қолмасди. Менда ҳарф ўрганишга бўлган иштиёқ жуда баланд эди. Дадамнинг ишдан чарчаб келишларига ҳарфлар чизилган дафтарларим тайёр турарди. Балки, ўша пайтлар ўзим нима эканлигини билмаган ҳолда шеър ёзгандирман. Бу фақат Яратганга аён! Фақат эсимда аниқ қолгани, 3- синфда ўқирдим, бир куни ўзимнинг хонамда китобларимга ўралашиб, асар каҳрамонлари билан ўйнаётган бўлсам керак... шифтга қараб қанча турдим билмайман, аммо, нимадир ёзгим келгани аниқ эсимда. Шу қадар тезлик билан, худди қаергадир шошаётган одам каби... Ва шу шеьр “Гулхан” журналида босилганди ҳам.
– Болалигингиз ҳақида ўйлаганингизда хаёлингизда кўпроқ нималар гавдаланади?
– Неччи ёшга кирган бўлишимдан катъий назар ҳали болаликдан узоқлашмаганман, у билан бирга яшаймиз! Болалигим – менинг болаларимдан ёш, энг кичкина болам каби ҳамиша ёнимда, бирга! Бирга овкат еймиз, бирга ухлаймиз! Уни унутиш ота-онамни, туғилган қишлоғимни унутиш каби оғриқли. Қанча устозларим бор эди, қанча ўртоқларим... Мен ҳақимда гапириши мумкин бўлган қушлар, дарахтлар! Уйимизнинг олдидаги жинкўча. Мен шу кўчадан мактабга борардим. Энг сумкаси оғир ўқувчи эдим... Мактаб дарсликларига қўшиб, бадиий китобларимгача ўзим билан олиб юрардим, уларсиз мактабга боргим келмасди. Хаёлларим сумкамдан ҳам оғирроқ эди. Ўқиётган китобимни қолган жойидан ўзим давом эттирар эдимки, энг қизиғи, баъзан тўғри чиқиб қоларди. Китобдаги каҳрамонларни қидирардим... Салгина ўхшаши топилса, ўша куни жуда бахтли яшардим. Энг қизиғи, салбий каҳрамонлар кўп эди... Мен уларни ҳам яхши кўрардим, ҳаммани яхши кўриб кетаверардим, ичимга сиғмасдим. Қарияларга раҳмим келарди... Эртага ўлиб қолишларидан қўрқардим, негадир шундай ўйлардим. Уйда овқат пишиб турган бўлса, танимасам ҳам, Сизни онам чақиряптилар, деб уйга бошлаб кирардим. Онам ўрганиб кетгандилар, дарров овқат бериб, меҳмон қилардилар. Мен эса уларни овқатланишларидан лаззатланардим, хотиржам бўлардим. Хаёлан ҳозир ҳам болалигим яшаган ҳамма жойларда кезиб юрибман... Боболарим, бувиларим, кўпгина устозларим ўтиб кетишган, кўпгина кўшниларимиз йўқ... Одам кўп, лекин, ҳамма томон ҳувиллаб қолган. Уйимиз ҳам ҳатто бошқатдан қурилган, менинг хонамдан асар ҳам йўқ. Мен ўша хонамда катта бўлгандим. Менинг тезроқ катта бўлиш ҳақидаги орзуларим шу кичкина хонада катта бўлганди. Китоб ўқиётганимда катта бўлаётганимни ҳис қилардим. Бўйим ва сочим билан бирга ичимда меҳрга ўхшаган нимадир ўсарди. Тезроқ катта бўлгим келаверарди...
– Онангизнинг кўп асар ўқишлари ҳақида эшитганман...
– Мен ҳарфларни танимасимдан олдин мен учун энг яқини Онам эди. Онамнинг ҳар бир ҳаракатларини ёдлардим. Нима иш қилсалар, орқаларида юрардим... Ишлари тугай демасди. Озгина қўллари бўшаса, қўлларига китоб олардилар, менга шу жараён ёқмасди, зерикиб кетардим. Яна канча ўқийсиз, деб сўрардим... Тўғриси, мен Онамни китоблардан рашқ қилардим. Нимадир иш билан ҳовлига чиқсалар, китобни яшириб қўярдим. Билардилар! Мендан сўрамасдан қидирардилар, билиб туриб айтмасдим. Онам негадир китоб ўқиётганларида, жилмайиб, ҳудди бошқа одамга айланганга ўхшаган, бахтиёр қиёфалари менга ёқмасди. Онам бизни, уйни ва бутун дунёни унутиб қўйганга ўхшардилар. Ичим куярди. Зерикиб кетардим, нималардир ўйлаб топиб, ҳарҳаша қилишни бошлардим. Ҳозир Онамни яхши тушунаман! Ҳаммадан кўпроқ тушунаман! Ҳозирги ақлим ўшанда бўлганида, озгина бахтли бўлишлари учун кўпроқ шароит қилиб бермасмидим? Чунки, мен китоб ўқиб бахтли бўлганни Онамда кўрганман, болалик тасаввурларим билан бирга кўрганманки, буни ҳеч қачон эсимдан чиқаролмайман!
– Китоб ёзиш ва ўқиш жараёнингиз бошқалардан фарқ қилса керак...
– Ҳаммаси Аллоҳдан! Ёзиладиган нарса – туғилиши керак бўлган бола каби, барибир дунёга келади. Бу шарҳлаб ёки изоҳлаб бўлмайдиган нарса! Фақат боланинг соғлом туғилиши Онанинг ҳолатига боғлик бўлгани каби, асарнинг мукаммаллиги Ёзувчи ёки Шоирга албатта боғлиқ. Мен ўқиган китоблар алдамаган бўлса, туйғуларим мени ўзига мафтун этган пайтлари ўқиётган асаримга ишонибгина қолмай, у билан яшайман. Ундаги ҳар бир сўз забардаст панжа каби яққол кўринади. Юрагим титраётганини, тирилаётганимни ҳис қиламан. Вергуллар ҳам сўз айтиш илинжида олдинга интилади... Нуқталар орқада қолиб кетаётганидан изтироб чекади. Мен ҳар бир ўқиётган китобимга ана шундай муҳаббат билан юзланар эканман, асар муаллифининг қиёфасини эсимдан чиқариб қўяман. Асар тугагач, унинг таъми бир неча кун (балки ой) давом этаркан, ичимда катта бир ҳаёт яшаётгани ва мен билан нафас олаётганлиги аён бўлади. Менинг ўқувчи ҳолатим бошқа ўқувчилардан албатта фарқли эмас, лекин, асардаги воқеалардан кўра, Сўздан таъсирланиш, ҳар бир сўз билан яшаб кўриш ва ўзингни уларнинг олдига сочиб ташлаш каби ҳолатлар... Баъзан шу даражада жонимни ҳиқилдоғимга келтирадики, бу ҳолатни ҳам қани энди тушунтириб беролсам!
– Ёзиш билан одамларга нимани етказмоқчисиз?
– Ёзиш жараёнида бу хақида ҳеч нарса билмайсан. Билганинг– фақат ёзиш бўлади. Кейинроқ мушоҳада қиладиган бўлсанг, одамларга ёзиш орқали нимадир демоқчи эканлигинг аён бўлади. Тезроқ ва иложи борича тезроқ айтгинг ва етказгинг келади. Яъни бу ҳаётга нима учун келганимиз, бизнинг келишдан мақсадимиз ва яшаётганимизнинг сабаблари ҳақида, ўзингни қийнаётган ва ўзингга тинчлик бермаётган қийноқ ҳақида уларга ҳам айтгинг келади. Шошасан... айтишга улгуролмай қолишдан ваҳима босади , чунки, бу ҳаёт фақатгина айланиб кетишимиз учун берилмаган! Биз фақат томоша қилиш учун келмадик....Биз бу дунёга фақат уй қуриш, кийимларимизни кўз-кўз қилиш учун келмадик. Ҳаётни кўриб турибмиз, Ўзи ҳам ёрдамга муҳтож! Меҳр ва муҳаббатга муҳтож! Ўзи ҳам иситма ичида ёниб ётибди. Алаҳсираб ётибди! Биз унга далда бўлишимиз ва суяшимиз, суянса, елкаларимизни тутиб, тиргак бўлишимиз жудаям зарур. Биз атрофга муҳаббат билан қарашимиз керак. Атрофимиздаги ҳамма нарсани, чумолидан тортиб, қурт-қумурсқагача севишимиз, жон дилимиз билан ардоқлашимиз жудаям муҳим. Чунки, Аллоҳ яратган нарсани шунчаки қабул қилиб қўя қолишга ҳаққимиз йўқ. Унинг моҳияти ҳақида фикр юритишимиз жоиз. Ёзишнинг қисмат эканлигига ишонган ёзувчи ҳеч қачон қўлига беҳуда қалам ушламайди. Агар ёзаётганда юрагингнинг уришдан тўхтаб-тўхтаб қолишини ҳис қилмасанг, бундай қалам тутган қўлни ёки қаламни синдириб ташлаш керак! Яқинда Ҳиндистоннинг Самантарий журналига интервью бердим. Жуда ғалати саволлар беришди. Ўша саволларнинг ичида ҳозир Сиз сўраётган савол ҳам бор эди. Аммо, билмайманки, бир хил жавоб бердиммикан? Албатта, кейинроқ текшириб кўраман!
– Дунёга чиқиш учун ёзаётган тилинг муҳимми, нима деб ўйлайсиз?
– Биринчи навбатда истеъдод муҳим, тил эмас! Агар сен кўп тилларни билсанг ва у тилларда ёза олсангу сенда талант бўлмаса, буям фожиа! Лекин яна бир тарафи ҳам борки, буям албатта, муҳим. Сен ёзсангу ўзингдан бошқа ҳеч ким ўқий олмаса? Буям ачинарли... Мен шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтишни хоҳлардим, агар Аллоҳ тақдир қилган бўлса, яъни Ёзувчилик қисматингга ёзилган бўлса, бундан қочиб ҳам, қутулиб ҳам бўлмайди. Бўлиши керак нарса албатта, бўлади! Бу на ёзувчига, на истеъдодга боғлик! Бунинг учун Сен фақат ёзувчи ёки шоир бўлиб туғилишингнинг ўзи кифоя қилади.Бу фақат Аллоҳнинг инъоми!
- Қайси ёзувчилардан кўпроқ илҳомлангансиз?
– Менинг ҳамиша тилим ва дилимдаги бир оят каби ардоқлаганим, Робендранат Тагордир. Мен илк бор унинг шеърлари билан шеър дунёсига кириб келганман. Асарларидаги қаҳрамонларнинг ҳинд дарёсига чўккан жойларида ўзимни сувга чўктириб юборганманки, анча кунгача нафас ололмай қолганман. Ва ҳаётим давомида, Булгаковни севдим. Лев Толстой, Достоевский, Хемингуэй, Ремарк, Кафка, Картосар, Борхес, Цветаева, Ахматова, Пастернак... эҳҳҳҳ, булар жудаям кўп, мен уларнинг ҳаммаси билан бирга нафас олдим, улар билан яшадим! Қаерда бўлмай, нима иш қилмай, ҳамиша улар билан бирга бўлдим...Улар менинг ҳамма ишимдан хабардор эдилар. Кузатиб тургандай туюларди ҳар бир қадамимни. Ўқимаган куним йўқку, аммо, ёзмаган йилларимдан ҳижолат чекардим!
– Таржима ва таржимонлар ҳақида сўрамоқчи эдим.
– Тил билган таржимон бўлавермаслигини биламиз. Ҳақиқий таржимон ҳам чинакам шоир-ёзувчи каби туғилиши кераклигига ақлимиз етади. Уларни ҳам сўз деган буюк калима безовта қиларкан. Буни озгина олдин газетадаги фаолиятимда ҳис қилган бўлсам, ҳозирги кунда ўз таржимонларим билан ишлаш жараёнида яққолроқ кўряпман ва тушуняпман. Бир шеърни ўн таржимон ўн ҳил таржима қиляпти. Баъзида юрагинг оғриб кетади, шафқатсизлик бўлса ҳам таржимон билан хайрлашишга тўғри келяпти... Баъзан ҳеч йўқ шаклини сақлаб қоляптику дейсан, сенга озгина яқин келганини кўриб қолсанг. Таржима масаласи жуда оғир жараён. Гоҳида таржимонга раҳминг келса, гоҳо шеърингга ачиниб кетасан. Ҳаётингда яхши таржимонга дуч келиш ҳам бир омад экан...
Ҳозир Лондонлик катта таржимон Жон Фарндон шеърларимни инглиз тилига ўгиряпти. Балки, у шоир бўлгани учундир, сўзларни ҳис қила олиши ва сўздан ҳайратланиши мени қувонтиряпти. Ҳар бир шеър ва сўз устида соатлаб бош қотираётганини, эринмай ўзбек таржимонлари билан талашиб-тортишганини кўриб, ичимда ҳурсанд бўляпманки, менга нима, деяётгани йўқ. Таржимоннинг ҳам ўз услуби бор. Ҳаётга ўзининг қарашлари, йўли бор! Нима бўлгандаям, қайси йўл билан бўлмасин, энг сўнгида сенга яқин келмаган таржимон билан ишлаб бўлмайди. Таржимага ақлим етиб, таржимон билан ишлай оладиган ёшдаман. Мени ҳавотирга соладиган нарса, ўқувчи қайси миллат бўлишидан катъий назар, таржимонни эмас, мени ўқишини истайман. Бу эса жуда оғир!
Яқинда қизиқ бир ҳолат бўлди. Почтамга бир туркум келди Въетнамлик шоирдан. Мен газета танлови учун келаётган асарлардан бўлса керак деб ўйладим, чунки, асар Въетнам тилида эди. Мен хат муаллифига, асарни ҳеч бўлмаганда инглиз тилида юборишини сўраб хат юбордим. У менинг инглиз тилидаги кундаликларимни юборибди икки кун ўтиб. Мен уни мени тушунмади, деб ўйлаган бўлсам ҳам ичимда ҳурсанд бўлдимки, бу билан у мени ўқиётганини айтмоқчи бўляпти... Ва ўша куни мен унга ҳали жавоб ёзиб улгурмасимдан Въетнам сайтлари менинг Въетнам тилидаги кундаликларимни эълон қилди... Мен қўрқиб кетдим, шошилмай ҳар бир таржимани “Google”га солиб чиқдим. Ва шу қадар енгил тортдимки, кейин миннатдорлигимни айтиб мактуб юбордим. Бу билан нима демоқчиман, баъзан тасодифий таржималар ҳам шу қадар муваффақиятли чиқиб қоладики, бу ҳам Кимнингдир изни билан бўлаётганини сезиш қийин эмас.
- Муҳаррирсиз, аммо матбуотда фаол эмассиз.
– Мен бу саволга газета муҳаррири сифатида эмас, балки, бир ижодкор сифатида жавоб беришни маъқул кўраман. Масалан, бугун бир жойда асарим чоп этилишидан кўра, ёзиш мен учун муҳимроқ, ўқишим кўпроқ зарур. Тўғриси, ҳали бирор нашрга шеър кўтариб бормаганман. Талабалигимизда курсдош қизлар билан бир марта радиога амалиётга борганимизда, шеър қолдириб кетганимизни аниқ эслайман...
Шеър қайсидир маънода сенинг сиринг! Уни кенг оммага ошкор қилавериш ҳамиша ҳам одамга ёқавермайди. Бу ҳолат кимда қандай кечишини тўғриси, билмайман. Мен ўзимда кузатганларим ҳақида гапиряпман. Тўғри, муҳаррирлар ёки нашр ҳодимлари телефон қилиб, шеър сўрашганида ҳурсанд бўламан, эсларидан чиқмаганим ва ҳурмат қилишгани учун... Лекин, ҳар доим ҳам ўзимни мажбурлай олмайман!
–Яқинда “Очиқ деразалар” телеграм каналингизда кундаликларингизни ўқиб, тўғриси, жуда ҳайратландим!
– Кундалик ёзиш менинг кунлик режимимда бор. Кундалик ёзилган ва ёзилаётган дафтарларим шу қадар қийматлики, қаерга борсам, ўзим билан кўтариб юраман! У менинг севгилимга ўхшайди, ҳар бир бўғинида сўз яшаётган вужудимга ўхшайди. Мен ундан ҳеч нарса яширмайман! Ўз кўнглим ва ўз тақдирим билан севишганим фақат Ўзига ва кундалигимга аён! Мен ёза олмаган йилларимни ҳам у билан жимгина яшаб олишга сарфладим. Бўлмаса, мумкин эмас эди тирик қолиш! Мени сақлаб қолган кундалик учун мен умримни сарфлашга ҳеч ачинмайман. Фақат уларни ўқиш осон эмас. Ҳар сўздан ҳаяжонланаман, ҳар бир сўздан ўлиб қолай, дейман!
– Хорижда бўладиган фестивалларда жуда кўп иштирок этгансиз, бу ҳамма ижодкорларнинг орзуси... Шоирлар бир жойга тўплангандаги шеърий гулдасталар ҳақида гапириб беринг.
– Ҳар доим, тадбир қаерда бўлаётган бўлмасин фарқи йўқ, ҳали умрида бирон марта бир-бирини кўрмаган шоир-ёзувчилар – қариндошлар каби яқин, ака-ука, опа-сингиллар каби меҳрибон! Ҳеч ким уларни дунёнинг турли бурчакларидан келган демайди. Бу ҳам Худонинг марҳамати! Ҳатто бир-бирининг тилини билмайдиган шоир-ёзувчилар бемалол сўзсиз гаплашишлари мумкин ва бу жуда табиий. Шеър ўқилаётган пайти ҳам ҳудди шу нарсани кузатиш мумкин. Шундай ҳолатда руҳ ва юракнинг ўрни билиниб қолади. Нималарга қодирлигинг яққол кўринади. Зўрлар ўзини зўрлигини яна бир марта тасдиқлатиб олади. Энг кизиғи, тадбирлар тугаб, уй-уйингга жўнаб кетганингдан кейин хам шеърий оҳанглар тугаб кетмайди, сен билан бирга қолади. Уларнинг суратларидан тортиб, гапириш манерасигача ёдлаб қоласан... Шоирлар – бутун дунёга сочилиб кетган миллат эканини ич-ичингдан ҳис қиласан!
– Уларнинг ҳаётингиздаги аҳамияти ҳақида гапирмадингиз...
– Уларнинг бу дунёда борлиги менга умид беради. Яшашим ва ижод қилишим учун куч беради. Руҳсиз ҳолатларимда руҳ беради! Дунёнинг каеридандир келган, “Сиз ёзишингиз керак”, деган смс сени ёзишга ундайди! Ёзишинг кераклигини эсингга солади! Баъзида хавони тўлдириб мактублар учаётганга ўхшайди. Баъзан ёмғир каби деразангдан мўралаётган нигоҳлар кўзларингда чапланиб кетадики, улар қайси шоирлар эди, дея дабдурустдан ажратолмай қоласан. Ҳозир хаёлимга Веътнамдаги охирги кун, ҳаммамиз хайрлашган, ҳаммамиз ўз чемадонларимизни судраб ўз уйимиз, ўз ватанимиз сари йўлга чикаётган лаҳзалар келяпти ва беихтиёр кўзимда ёш...
– Ҳозир уйдасиз... Нималар қиляпсиз?
– Дунё – касал! Ҳаёт касалликка чалинди! Биз касалимизни билмасдик, дунё юқтириб олгандан кейин билиб қолдик. Ер куррасининг кичкина эканлиги, кафтларимизга жойлаштириш мумкинлиги аён бўлиб қолди. Осмон бошимизга яқин, ер оёқларимиз учун тўшалган тўшак, Яратган хоҳлаган пайти ёпинтириб қўйиши мумкин. Хоҳламаса, у ҳам йўқ! Биз ҳозир дарсдамиз, ўқияпмиз, ўрганяпмиз. Уйга яшириндик, лекин, билимсизлигимизни яширолмадик... Дунёдан бекитиб бўлмайдиган нарсалар кўп экан! Биз энди билдик, билган бўлсак ҳам... Дунёнинг эгаси борлиги маълум бўлди... Бутун ер юзини кўтариб ташлади... Кимдир ерга, кимдир осмонга тушди. Туғилганимиздан бери ошкор булмаган меҳримиз қалқиб чиқди. Муҳаббатимиз сочилиб кетди. Биз ҳам яхши кўришни биларканмиз! Биз ҳам меҳр-окибатли эканмиз. Бир-биримиздан эҳтиёт бўлишимизни сўраяпмиз. Бир-биримиздан касал бўлмаслигимизни илтимос қиляпмиз!
– Эртанги дунёни қандай тасаввур қиласиз?
– Энди оёқлари чиқиб, юришни ўрганаётган бола каби тасаввур қиламан касалликдан турган дунёни! Иншааллоҳ! Ҳамма унга меҳрибон, йиқилиб тушмаслиги учун атрофидагилар гирдикапалак... Ҳамма бир-бирига меҳрибон. Ҳаёт нима эканлигини ҳамма билган, ҳамма оқибатни таниган, бир-бирини авайлаган ва эъзозлаган дунё бўлиши шубҳасиз! Навқирон аммо, сочлари оқариб кетган Дунё бўлади. Мен унга осон тутмайман. Йўқотиш унга ҳам қимматга тушади, у ҳам кечаси билан йиғлаб чиқади, мен бунга шубҳа қилмайман!
Хуллас,ўзбек адабиётини асарларимиз орқали жаҳонга танитишимиз керак.
Суҳбатни ЎзА мухбири Жовли Хушбоқов ёзиб олди.