IT маркази иш бошлади
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида IT маркази иш бошлади.
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида IT маркази иш бошлади.
Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати ЎзА мухбирига маълум қилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокими Сейдамат Авезов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи Тимур Баекеев, IT маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиали директори Мадияр Елмуратов ва бошқалар иштирокчиларни давлатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги байрами ва янги ўқув марказининг очилиши билан қутлади.
Зарур технологик воситалар билан жиҳозланган марказда ёшларга ахборот технологиялари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик асослари ўргатилади. Шунингдек, ахборот технологиялари соҳасида стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлашнинг замонавий ҳамда самарали механизмларини яратиш, компьютер технологиялари, дастурлаш, робототехника ва киберспорт асосларини ўргатиш учун барча шароит яратилган.

IT маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиали директори Мадияр Елмуратовнинг таъкидлашича, марказ қувватидан самарали фойдаланиш мақсадида ёшлардан ташқари давлат ва хўжалик органлари, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли учун ахборот технологиялари йўналишида кундузги ва кечки ўқув курслари ташкил этилади.
Тадбир иштирокчилари янги марказда ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.