Эрон давлат телевидениеси Теҳрон аэропортлари, жумладан Имом Ҳумайний халқаро аэропорти пойтахт атрофида бир неча портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берилгандан сўнг ҳам одатий тартибда ишлаётганини эълон қилди.
Сурия давлат матбуоти хабар беришича, ҳаво ҳужуми мамлакат маркази ва жанубидаги баъзи ҳарбий объектларни ҳам нишонга олган.
“Arab News” талқинига қараганда, Исроил бугун, 26 октябрь куни эрталаб Эронга йўлланган зарба ой бошида Теҳрон томонидан уюштирилган ракета ҳужуми учун ўч эканини айтган.
– ЦАХАЛ Эрондаги ҳарбий манзилларга мақсадли зарба бермоқда, – деб ёзган Исроил ҳарбийлари ижтимоий тармоқда.
Теҳрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими шаҳарнинг шарқий қисми узра учган снарядларни уриб туширди. Натижада расмийлар мамлакат ҳаво ҳудудини ёпишга мажбур бўлди.
Орадан бир неча соат ўтиб, Исроил томони қарши ҳарбий амалиёт тўхтатгани ва самолётлар дастлабки манзилга муваффақиятли қайтганини маълум қилди.
Бугунги ҳодиса Эрон 1 октябрь куни Исроилга зарба бергандан кейин, бир неча ҳафта давомида кутилаётган эди. АҚШ расмийлари Исроилнинг ҳаракатидан барвақт хабардор қилингани ҳам таъкидланган.
Эронликлар Илом, Ҳузистон ва Теҳрон вилоятларидаги ҳарбий нишонларга зарба берилганини тасдиқлади.
– Эрон режими ва минтақадаги бошқа тарафдор кучлар 7 октябрдан бери Ислом Республикаси ҳудудидан тўғридан-тўғри ҳужум уюштириш баробарида, етти жабҳада Исроилга қарата тинимсиз зарба йўлламоқда, – дейилган Исроил Мудофаа кучлари бош матбуот котиби контр-адмирал Даниэль Хагари баёнотида. – Дунёдаги ҳар бир суверен давлат сингари Исроил ҳам жавоб беришга ҳақли ва мажбур. Мудофаа ва ҳужумдаги имкониятимиз тўлиқ сафарбар қилинган. Исроил давлати ва халқини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳамма ишни қиламиз.
Пойтахтда кетма-кет портлаш овози эшитилди ва давлат матбуоти дастлаб Теҳрон яқинида камида олтита шундай ҳолат кузатилганини тан олди. Баъзан товуш бутун шаҳар бўйлаб жойлашган ҳаво мудофааси тизими нуқталаридан келгани айтилди.
Теҳронлик бир киши “Associated Press” агентлигига билдиришича, ҳудуд камида етти марта силкинган.
– Имом Ҳумайний халқаро аэропорти ва Меҳробод аэропорти фаолияти жойида, белгиланган тартибда давом этяпти, – деди бошловчи ушбу ҳаво қўналғалари раҳбарларига таяниб.
– Исроил зарбалари Эрон ядро иншооти ёки нефть конига ҳужумни кўзда тутмаган ва асосий эътибор ҳарбий нишонларга қаратилган, – дея хабар берди “NBC News” ва “ABC News” Исроил расмийсига таяниб.
Вашингтондаги Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Шон Сэветт “ҳарбий объектлар нишонга олинган зарбалар ўзини ҳимоя қилиш чораси ва Эроннинг 1 октябрдаги баллистик ракета ҳужумига жавоб” эканини айтди.
“Олдиндан хабардор қилинган АҚШнинг ушбу воқеага алоқаси йўқ”, деди AFPга исмини ошкор қилмаслик шарти билан АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийси. У Қўшма Штатлар қачон огоҳлантирилгани ва умуман қандай маълумот берилгани ҳақида ҳеч нима демади.
М.Пирматова, ЎзА