Ислоҳотлар натижаси маҳаллалар қиёфаси ва халқимиз ҳаётида яққол намаён бўлмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев 4 июль куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманига ташриф буюриб, олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ва амалга оширилган лойиҳалар билан танишди. Шунингдек, Тошкент шаҳри, хусусан, Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб туманнинг Иттифоқ маҳалласидаги Янги Сергели кўчасида амалга оширилган ишлар ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишди.
Туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаси кам харажат билан кўп иш ўрни яратиш, аҳоли даромадини ошириш ва ҳудудлар қиёфасини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга. Тошкент шаҳрида бу борада катта имкониятлар бор.
Янги Сергели кўчасида ташкил этилган 24/7 режимида ишлайдиган туризм, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари аҳолига қулай шароит яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринлари очишга хизмат қилмоқда.
Лойиҳанинг умумий қиймати 18,7 миллиард сўмни ташкил этади. Кўчанинг 2,1 километр қисмининг инфратузилмаси тўлиқ яхшиланиб, савдо, умумий овқатланиш ва кўнгилочар хизматларни ўз ичига олган куну тун фаолият юритадиган ҳудудга айлантирилди.
Аҳоли дам олиши ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш мақсадида 10 дан ортиқ болалар майдончаси, 8 та воркаут зонаси, китоб дўкони ҳамда нуронийлар маскани ташкил этилди.
Ҳудуд атрофидаги 4 та маҳаллада 21 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Янги Сергели кўчасидан кунига ўртача 15-20 мингта автотранспорт воситаси ҳаракатланади. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, йилига 1,2 миллиондан ортиқ ташриф буюрувчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.
Лойиҳа доирасида 250 дан ортиқ янги иш ўрни очилди. 95 та мавжуд тадбиркорлик субъектининг фаолияти кенгайтирилиб, 22 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари маҳалла бўйлаб юриб, миллий меъморий услубда таъмирланган хонадонлар, ободонлаштирилган кўчалар ва аҳоли учун яратилган қулайликлар билан танишди. Маҳалла фаоллари ва фуқаролар билан самимий мулоқот қилди.
Президентимиз амалга оширилаётган ишлар аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигига қандай таъсир кўрсатаётгани билан қизиқди. Маҳалла фаоллари бу ўзгаришлар аҳоли кайфияти, турмуш тарзи ва даромадига ижобий таъсир кўрсатаётганини, ҳудуднинг қиёфаси ҳам, одамларнинг эртанги кунга ишончи ҳам ўзгараётганини таъкидлади.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Сергели туманида жойлашган “Global International Hospital” хусусий кўп тармоқли тиббиёт марказига борди.
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар сифати ва қамровини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан. Шу мақсадда соҳага инвестициялар жалб этилиб, тиббиётда хусусий сектор фаолияти ҳам қўллаб-қувватланмоқда.
Мазкур замонавий тиббиёт маркази бугунги кунда аҳолига талаб юқори бўлган кўплаб йўналишлар бўйича тиббий хизмат кўрсатиш имкониятига эга.
Марказни барпо этиш учун 30 миллион доллар инвестиция йўналтирилган. Бу ерда йилига 150 минг нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Умумий майдони 0,5 гектар бўлган муассасада йиллик хизматлар ҳажмини 15 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбарига марказ фаолияти тўғрисида тақдимот қилинди. Президентимиз жарроҳлик, реанимация ва даволаш бўлимлари, ситуацион марказда яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Лойиҳа доирасида 250 та янги иш ўрни яратилган. Жамоада хорижда малака оширган 10 нафардан зиёд юқори малакали мутахассис ва чет эллик шифокорлар ҳам бор.
Марказ Буюк Британия, Италия ва Германиядан келтирилган замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Хусусан, муассасага “PHILIPS” компаниясининг илғор тиббий технологиялари ўрнатилган.
Давлатимиз раҳбари марказни айрим йўналишлар бўйича таянч тиббиёт муассасасига айлантириш муҳимлигини таъкидлади. Бу ерда тўпланадиган илғор тажриба асосида шифокорлар малакасини ошириш ва замонавий тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.
Президентимиз марказ ходимлари билан мулоқот қилди. Соҳада меҳнат қилаётган мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, хусусий тиббиёт ташкилотлари сонини кўпайтириш ҳамда аҳолига сифатли, замонавий ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Ҳар бир беморга сифатли ва муносиб хизмат кўрсатиш билан бирга, тиббий ва туризм хизматларини уйғунлаштириш зарур. Бу йўналишни кенг тарғиб қилиш, хориж тажрибасини ўрганиб, шифохоналар ҳузурида меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантириш керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Президентимиз Сергели туманидаги Ўзгариш маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳамда ер усти метро йўналиши остида ташкил этилган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан ҳам танишди.
Инсон қадрини улуғлаш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар бугун маҳаллалар қиёфасида, одамларнинг кундалик ҳаётида яққол намоён бўлмоқда.
Ўзгариш маҳалласи бу борадаги янгиланишларнинг ёрқин намунасидир. Ушбу ҳудудда 45 та кўп қаватли уй, 1 минг 620 та хонадон мавжуд. Уларда 6 минг 700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Маҳаллада йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар босқичма-босқич ҳал этилиб, замонавий инфратузилма ва қулай ижтимоий муҳит яратилди. Хусусан, 10 та болалар майдончаси, мини-футбол майдони, 2 та саломатлик ҳудуди барпо этилди.
Давлатимиз раҳбари маҳаллада ташкил этилган замонавий когенерация маркази фаолияти билан ҳам танишди.
Қайд этилганидек, ушбу марказ куз-қиш мавсумида маҳалланинг иссиқлик ва электр энергияси таъминоти барқарорлигига хизмат қилади. Когенерация технологияси орқали табиий газдан аввал электр энергияси олинади, сўнг ажралган иссиқлик сув ва хонадонларни иситишга йўналтирилади. Бу энергия самарадорлигини ошириб, исрофгарчиликни камайтиради.
Лойиҳанинг умумий қиймати 5,8 миллион долларни ташкил этади. Бу ерга Германияда ишлаб чиқарилган замонавий газ-поршенли қурилмалар ва қозонлар ўрнатилган. Марказ йилига 18,4 миллион киловатт-соат электр энергияси ва 80 минг гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконига эга.
Лойиҳа доирасида 2 километр узунликдаги юқори кучланишли электр линияси қурилиб, умумий тармоққа уланди. Натижада туман марказий электр тармоғидаги юклама 3 фоизга камайди. Марказ ишга тушиши билан 10 та доимий иш ўрни яратилди.
Шу билан бирга, маҳалланинг умумий инфратузилмаси ҳам тубдан янгиланди. 1,4 километр пиёдалар йўлаклари барпо этилди, 12 та кўп қаватли уйнинг фасад қисми таъмирланди, ички йўлларга асфальт ётқизилди. Ҳудудни кўкаламзорлаштириш мақсадида 2 минг 720 туп манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилди.
Президентимиз “маҳалла еттилиги” ва ҳудуд фаоллари билан самимий суҳбатлашди. Бу ердаги ўзгаришлар аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, маҳаллани обод ва хавфсиз масканга айлантиришга қаратилган ишлар натижаси экани таъкидланди.
– Кенг кўламли бунёдкорлик ишларимиз айнан мана шу Сергели туманидан бошланган эди. Ўз вақтида бу ҳудудга замонавий метро линиясини олиб келиш ташаббусини илгари сурганимизда, ушбу йирик лойиҳанинг истиқболига шубҳа билан қараганлар ҳам бўлгани сир эмас.
Бироқ бугун мана шундай кўркам ва обод масканларни, энг муҳими, сиз каби азиз юртдошларимизнинг мамнун чеҳраларини кўриб, танлаган йўлимиз қанчалик тўғри бўлганига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.
Бугунги ташрифимиздан мақсад ҳам сизлар билан бевосита мулоқот қилиш, таклиф ва ташаббусларингизни тинглашдир, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари йўл-йўлакай Сергели туманидан ўтувчи ер усти метро йўналиши остида ташкил этилган савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини кўздан кечирди.
Замонавий шаҳарсозликда мавжуд инфратузилмадан оқилона фойдаланиш, бўш майдонларни аҳоли учун қулай, иқтисодиёт учун самарали масканларга айлантириш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда ер усти метро йўли остидаги 5,7 гектар майдон тубдан янгиланди.
Бу ерда 137 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 250 та янги иш ўрни яратилди. Метро остида 4 километр пиёдалар ва велосипед йўлаги, 2 та болалар майдончаси ва спорт зоналари ташкил қилинди. Аҳоли ҳордиқ чиқариши учун 100 та ўриндиқ ва 40 та замонавий манзарали чироқ ўрнатилди.
Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Сергели тумани ҳокимлигига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбарига дастлаб ҳокимлик биносида туман идораларининг “ягона дарча” тамойили асосида ташкил этилган фаолияти ҳақида маълумот берилди. Туман ҳокимлиги биносида ҳокимликдан ташқари яна 5 та ташкилот фаолият юритиб, улар томонидан аҳоли ва тадбиркорларга 30 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Хусусан, Ички ишлар вазирлигига онлайн мурожаат қилиш қурилмаси аҳоли учун анча енгилликлар яратади. Ушбу тизимдан мурожаат йўлланганда навбатчи инспектор видеоалоқа орқали мурожаат қилувчи билан боғланади. Мурожаат автоматик рўйхатга олинади. Мурожаатчи иш натижаси, инспектор муомаласи, ҳаракати ҳақида ўзининг баҳосини қўяди.
Давлатимиз раҳбари бундай “ақлли” қурилмаларни аҳоли гавжум жойлар, бозор ва бошқа объектларга кўпроқ ўрнатиш бўйича топшириқ берди.
Ҳокимликда вазиятлар маркази ташкил этилган. Сунъий интеллект асосида таҳлил қилиш, муаммоларни тезкор аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “Ақлли туман” платформаси ишга туширилган. Вазиятлар марказида 17 та ахборот тизими ўзаро боғлангани аҳоли билан ишлашни янги босқичга олиб чиқади.
Бу ерда ижтимоий ва коммунал муаммолар мониторинг қилинади, аҳоли мурожаатларининг ижроси назоратга олинади, фавқулодда ҳолатларда тегишли хизматлар фаолияти тезкор бошқарилади ва мувофиқлаштирилади.
Вазиятлар марказини ишга тушириш доирасида туманнинг 46 маҳалласи билан видеоконференцалоқа йўлга қўйилган ва марказ билан интеграция қилинган. Шунингдек, тумандаги 25 мактаб вазиятлар марказига интеграция қилинмоқда.
Платформа таркибидаги “Хавфсиз туман” тизими ҳуқуқбузарликларни мониторинг қилиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Тадбиркорлик субъектларининг рақамли харитаси сунъий интеллект таҳлили асосида солиқ тушумларини прогноз қилиш ва уларнинг йиғилувчанлигини таъминлашга қаратилган. “AI Davomat” тизими эса мактабларда сабабсиз дарс қолдириш ҳолатларини бартараф этиш, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Президентимиз вазиятлар маркази фаолияти билан танишиб, ушбу янги тизимни пойтахтнинг қолган туманларида ҳам жорий этишга топшириқ берди. Тошкент шаҳрида таълим тизими, қурилиш соҳасини рақамлаштириш, яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш, жамоат хавфсизлиги таъминлаш бўйича мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Шу ерда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳри, хусусан, Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда Сергели туманида катта ўзгаришлар амалга ошганини таъкидлади. Яқин-яқингача пойтахтнинг чекка ҳудуди ҳисобланган Сергелида аҳоли ишлаш, даромад топиш, дам олиш ва тиббий хизматлардан фойдаланиш учун асосан шаҳар марказига боришга мажбур эди.
Бугун эса туманда муҳит ва одамларнинг яшаш тарзи тубдан ўзгарди. Сўнгги ўн йилда бу ерда 30 минг хонадонли янги уй-жойлар, умумий майдони 2 миллион квадрат метр бўлган саноат, савдо ва сервис объектлари барпо қилинди.
Тадбиркорлар сони 2,5 мингтадан 6 минг 200 тага кўпайди. Туманда шаклланган бюджет тушумлари 382 миллиард сўмдан 2 триллион 200 миллиард сўмга, яъни 5,5 баробар ошди. Аҳоли учун 5 та йирик дам олиш маскани ва истироҳат боғлари ишга туширилди.
Тошкент вилоятидан ўтган 13 та маҳалла ҳисобидан Сергели тумани ҳудуди 1 минг 800 гектарга кенгайиб, жами 5,6 минг гектарга етди. Туманни бошқа ҳудудлар ва шаҳар маркази билан боғлайдиган 9 километрлик йўл, 8 та станциядан иборат янги метро линияси бунёд этилди.
Мактаб ўринлари 25 мингдан 38,5 мингга, боғча ўринлари 7,5 мингдан 15,5 мингга кўпайди. 50 та давлат ва хусусий клиника очилди.
Шу билан бирга, транспорт, йўл, электр, сув ва канализация каби инфратузилма тармоқларини яхшилаш бўйича ечимини кутаётган масалалар ҳали кўплиги таъкидланди.
Аҳолини хатловдан ўтказиш бўйича дастлабки натижалар Сергели туманидаги реал вазиятни аниқ кўрсатди. Илгари туман аҳолиси 181 минг нафар деб юритилган бўлса, хатлов натижасига кўра, ҳудудда аслида 236 мингга яқин аҳоли яшаётгани маълум бўлди. Яқин йилларда Сергели аҳолиси 300 минг нафардан ортиши кутилмоқда.
Шу боис, раҳбарларда уй-жой, боғча, мактаб, поликлиника ва иш ўринларини аҳоли ўсишига мос равишда кўпайтириш бўйича ҳозирдан аниқ режа ва дастур бўлиши зарурлиги билдирилди.
Бу йил Сергелини ривожлантириш учун бюджетдан 173 миллиард сўм, банклар орқали 2 триллион 200 миллиард сўм ресурс ажратилган. Туман ҳокими ва мутасаддиларга ушбу маблағларни самарали ишлатиб, қўшилган қийматни 2-3 карра кўпайтириш бўйича режаларни амалга ошириш вазифаси қўйилди.
Жорий йилда пойтахт туманлари жами 9 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириши белгиланган. Сергелининг ўзига ўтган беш ойда 236 миллион доллар инвестиция киритилди. Йил якунигача 60 та лойиҳани бошлаш ҳисобидан яна 750 миллион доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилган.
Пойтахт шароитида саноат лойиҳаларини жойлаштиришда ер масаласи энг катта муаммо экани кўрсатиб ўтилди. Шу боис, “Янги авлод” саноат зонасидан пойтахтнинг 12 та туманига жой ажратиш ҳамда инвестиция, саноат, иш ўрни, экспорт ва бюджет тушуми кўрсаткичларини лойиҳа қилган туманнинг ўзига ёзиш тизимини жорий этиш топширилди.
Йиғилишда ер устидан ўтган метро йўналиши остида савдо ва сервис объектларини ташкил этиш тажрибаси ҳам кўриб чиқилди. Бунда давлат ердан фойдаланиш ҳуқуқини аукционга чиқариб, лойиҳа ва инфратузилмасини тайёрлаб беради, қолганини тадбиркорлар амалга оширади.
Сергелида метро линиясининг яна 8,5 километр қисмида шундай ишлар якунига етказилса, 137 та савдо-сервис объекти, 1-1,5 мингта иш ўрни яратилади, туман бюджетига 20-25 миллиард сўм қўшимча тушум тушади.
Умуман, ер усти метро линиясининг Яшнобод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидан ўтган 23 километр ҳудудида бундай лойиҳалар амалга оширилса, яна 400 та тадбиркор бизнес бошлаб, 3 мингта иш ўрни яратиши мумкин.
Ерларни қурилишга рухсат, архитектура-режалаштириш топшириғи ва лойиҳаси билан бирга тайёр пакет шаклида аукционга чиқариш бўйича Сергелида янги тажриба бошланди. Давлатимиз раҳбари мазкур тажрибани нафақат ер участкалари, балки сотувга қўйилаётган давлат объектлари ва саноат зоналарига ҳам татбиқ этиш зарурлигини таъкидлади.
Тошкент вилояти ҳудудидан олти йил олдин Сергелига қўшилган 13 та маҳаллада 14,5 минг хонадон бор, уларда 50 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Лекин бу ҳудудлар аҳолиси ҳалигача шаҳар муҳитини тўлиқ ҳис қилгани йўқ.
Мазкур маҳаллаларда ёритиш учун 629 та темир-бетон устун ўрнатилиб, кабель тортилган. Аммо тизим ҳали ишга тушмагани танқид қилинди. Мутасаддиларга ўн кун муддатда ушбу масалани ҳал қилиш топширилди. Шунингдек, йил якунигача ушбу маҳаллаларни канализация тармоғига тўлиқ улаш вазифаси қўйилди.
Сергели туманида аҳоли ва тадбиркорларнинг сони ошгани сабабли электр энергиясига йиллик талаб беш йилда 40 фоизга кўпайди. Айрим маҳаллаларда электр кучланиши меъёрдан 1,5-2 баробар пастлиги қайд этилди.
“Шаҳаролди”, “Ўзгариш” ва “Қумариқ” нимстанцияларини ишга тушириш учун жами 107 миллиард сўм ажратилган. Мутасаддиларга ушбу объектларни аниқ муддатларда ишга тушириш ва аҳолига кафолатли электр таъминотини йўлга қўйиш вазифаси қўйилди.
Умуман, пойтахтнинг Бектемир, Мирзо Улуғбек, Сергели, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманларига ўтган 46 та маҳаллада электр, сув, канализация ва йўл бўйича бирорта ҳал этилмаган масала қолмаслиги кераклиги таъкидланди.
Сергели ва Янгиҳаёт туманлари аҳолисини қийнаб келаётган яна бир масала – сув тозалаш иншооти атрофидаги бадбўй ҳиддир. Мутасаддиларга 1 сентябргача оқова сув қабул қилиш иншоотига замонавий фильтрлаш ускуналарини ўрнатиб, мазкур муаммони бартараф этиш топширилди.
Келгуси йилдан Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳамкорлар билан Қуйи Чирчиқ туманида қуввати 300 минг куб метр бўлган замонавий сув тозалаш иншооти қурилиши бошланади. Бунинг ҳисобидан Сергелидаги сув тозалаш иншоотига юклама кескин камаяди.
Жорий йил аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Сергелининг асосий 23 километр йўлида ҳаракат хавфсизлиги қайта кўриб чиқилмоқда. Чорраҳаларга 455 та “ақлли” светофор ўрнатилади, 150 та автобус бекати янгиланиб, 10 минг ўринли автотураргоҳ ташкил қилинади.
Келаси йил Янги Сергели кўчасида автобуслар учун 5,5 километрлик BRT йўлак қуриш режалаштирилган. Бу йўлак Шота Руставели кўчаси билан боғланади. Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларини пойтахтнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган Тошкент ҳалқа йўлидаги янги кўприк қурилишини тезлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Йил бошидан буён Тошкент шаҳрига қарийб 3 миллион хорижлик сайёҳ ташриф буюрди. Уларнинг кўпчилиги тарихий обидалар, истироҳат боғлари, бозорлар, кафе-ресторанлар ва туристик маҳаллаларга пиёда бориб, хотиржам сайр қилишни истайди.
Бунинг учун йўл кўрсаткичлари, қулай маршрутлар ва рақамли хариталар зарурлиги қайд этилди. Мутасаддиларга автобус бекатлари, вокзал, аэропорт ва метро станцияларида сайёҳлар учун шаҳар маршрутларини кўрсатувчи, телефонга бепул ва осон юклаб олинадиган хариталарни жорий этиш топширилди.
Шунингдек, пойтахт меҳмонлари ва сайрга чиққан аҳоли учун ҳожатхоналар етишмаслиги қайд этилди. Бир ой муддатда алоҳида дастур ишлаб чиқиб, шу йилнинг ўзида ҳар бир туманда 15-20 та замонавий ҳожатхона қуриш учун ерларни аукционга чиқариш вазифаси қўйилди. Чиқинди қутиларини кескин кўпайтириш бўйича ҳам чоралар кўрилади.
Сергелидаги айрим мактаблар қувватидан 1,5-2 карра юқори юкламада ишламоқда. Йиғилишда ўқувчи ўрнини 2 карра кўпайтириш имконини берадиган янги типдаги мактаблар қуриш лойиҳаси таклиф қилинди.
Янги лойиҳага кўра, спорт зали, ошхона ва устахона ертўлада жойлашади, юқори қаватлардан эса синфхоналар сифатида фойдаланилади. Бу йил Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида биттадан мактаб ва боғчада ушбу ёндашувни жорий этиб, “пойтахт тажрибаси”ни яратиш топширилди.
Пойтахтда аҳоли ва туристлар учун салқин микроиқлим яратиш мақсадида 12 та сунъий кўл барпо этиш ишлари бошланмоқда. Шундан 3 таси Сергелида – Қўшқўрғон, Султонобод ва Фароғатли маҳаллаларида жами 22 гектар майдонда ташкил этилади.
Ушбу кўлларни пойтахт иқлимини мўътадил сақлашга, одамлар пиёда сайр қилиб, ҳордиқ чиқаришига хизмат қиладиган масканларга айлантириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, “Жўн” каналининг Сергели ва Янгиҳаёт туманларидан ўтган 5 километр қисмини бетонлаштириш бошлангани қайд этилди. Сергели ва Янгиҳаёт туманлари ҳокимларига йил якунигача канал бўйида сайилгоҳ ва саломатлик йўлагини ташкил этиш топширилди.
Йиғилишда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича пойтахт намунасини яратиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Пойтахт туманларига республика раҳбарлари бириктирилгани ўз натижасини бераётгани таъкидланди.
Олти ойда 230 та маҳаллада жиноят содир этилмади, 332 та маҳаллада жиноят кескин қисқарди. Криминоген вазияти ташвишли маҳаллалар сони 60 тадан 23 тага тушди. Бу шаҳарда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги ёндашувлар самара бераётганини кўрсатмоқда.
Сергели туманида ҳам хавфсиз муҳит яратиш бўйича ижобий натижалар қайд этилди. Криминоген вазияти оғир деб баҳоланган 29 та маҳалла “яшил” тоифага ўтди. 17 та маҳаллада жиноят содир этилмади. Сергели бу борада Тошкент шаҳри туманлари орасида энг яхши натижалардан бирини кўрсатди.
Давлатимиз раҳбари Ўзгариш маҳалласидаги профилактика ишлари бўйича тажрибани оммалаштириш, тумандаги қолган 46 та маҳаллани “яшил” тоифага ўтказиш, яширин иқтисодиётни қисқартириш, ёшлар билан ишлаш бўйича янги ёндашувларни жорий этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
Йиғилишда ҳокимлар ва масъулларнинг ахбороти тингланди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА мухбирлари