Қишлоқда экспортчи корхона
Бухоро вилояти Жондор тумани Алели қишлоғида фаолият кўрсатаётган “Шижоат текстиль маш” масъулияти чекланган жамияти ип-калавадан ишлаб чиқараётган сочиқлар юқори сифати билан хиридорларга манзур бўлмоқда.
Бухоро вилояти Жондор тумани Алели қишлоғида фаолият кўрсатаётган “Шижоат текстиль маш” масъулияти чекланган жамияти ип-калавадан ишлаб чиқараётган сочиқлар юқори сифати билан хиридорларга манзур бўлмоқда.– Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, – дейди корхона раҳбари Мизроб Ихтиёров. – Маҳсулотимизга талаб тобора ошаётганини инобатга олиб, “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Бухоро шаҳар филиалидан ажратилган 700 миллион сўмлик кредит маблағи эвазига хориждан иш унумдорлиги икки баробар юқори бўлган 8 замонавий дастгоҳ келтирдик.
130 киши меҳнат қилаётган корхонада 2013 йилда 273 минг квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, ўтган йил бу кўрсаткич 45 фоизга ошди. Бошқача айтганда, истеъмолчиларга 427,7 минг квадрат метр 20 турдаги сочиқ етказиб берилди. Маҳсулот сифатининг юқорилиги боис унга ташқи бозорда ҳам талаб ортмоқда.
Корхона Россияда ҳам ўз савдо уйига эга. Мазкур шохобча хорижий бозорни ўрганиш вазифасини ҳам ўтаётир. Ўтган йили савдо уйи орқали 600 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинди.
Харажатни камайтириш эвазига сифатни ошириш маҳсулот рақобатбардошлигини таъминлашнинг муҳим омилидир. Корхона ана шу қоидага амал қилган ҳолда, экспорт ҳажмини кўпайтиришга интилмоқда.