Ишлаб чиқарувчилар бюджетга қарийб 42 триллион сўм солиқ тўлади
Ўзбекистон иқтисодиётида саноат ва ишлаб чиқариш тармоқларининг улуши йил сайин ортиб бормоқда. Кейинги йилларда мамлакатда маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳажмини кенгайтириш ва экспортбоп саноатни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар иқтисодий фаолликни кучайтирди. Бу эса давлат бюджетига тушаётган солиқлар ҳажмида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи 61 минг 734 та юридик шахс томонидан давлат бюджетига 41,8 триллион сўмдан ортиқ солиқ тўланган. Бу кўрсаткич мамлакат иқтисодиётида саноат корхоналарининг аҳамияти тобора кучайиб бораётганини англатади.
Солиқ қўмитасининг маьлумотига кўра, жами тушумларнинг 6,1 триллион сўми 20 та йирик солиқ тўловчи ҳисобига тўғри келган. Ушбу корхоналарнинг товар айланмаси 42,1 триллион сўмни ташкил этган бўлса, фойдаланилган солиқ имтиёзлари ҳажми 289,7 миллиард сўмга етган.
Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда мамлакатда саноатни диверсификация қилиш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бера бошлади. Айниқса, қурилиш материаллари, металлургия, кимё, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноатида юқори ўсиш суръатлари кузатилмоқда.

Йирик солиқ тўловчилар томонидан амалга оширилган тўловлар солиқ турлари кесимида қуйидагича шаклланган:
қўшилган қиймат солиғи — 2 триллион сўм,
фойда солиғи 1,5 триллион сўм,
акциз солиғи — 983,5 миллиард сўм,
ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ 478,1 миллиард сўм, ижтимоий солиқ — 360,9 миллиард сўм.
Шунингдек, жисмоний шахслар даромад солиғи 333,8 миллиард сўм, мол-мулк солиғи 171,4 миллиард сўм ва бошқа солиқлар 194,8 миллиард сўмни ташкил этган.
Муҳими, мазкур ҳисоб-китобларда Навоий кон-металлургия комбинати ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати акциядорлик жамиятлари кўрсаткичлари инобатга олинмаган. Бу эса бошқа ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ўзиёқ бюджет тушумларида катта улушни таъминлаётганини кўрсатади.
Жорий йилнинг 13 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам саноатни иқтисодий ўсишнинг асосий драйверига айлантириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Давлат раҳбари томонидан ҳудудларда юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, янги қувватларни ишга тушириш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича қатор вазифалар қўйилган.
Экспертларнинг қайд этишича, ишлаб чиқариш соҳасидаги юқори солиқ тушумлари мамлакатда иқтисодий фаоллик сақланиб қолаётганидан далолат беради. Айниқса, хусусий сектор улушининг ортиши ва маҳаллий корхоналарнинг ички бозордаги фаоллиги давлат бюджети барқарорлиги учун муҳим омил ҳисобланади.
Шу билан бирга, солиқ имтиёзларининг самарадорлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мутахассислар фикрича, ишлаб чиқарувчиларга берилаётган енгилликлар янги технологияларни жорий этиш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва рақобатбардошликни оширишга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА