Ишга қабул қилишда талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати қисқартирилмоқда
Депутатлар меҳнат муносабатларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқди.
Мазкур ҳужжат меҳнат муносабатларини расмийлаштиришни соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда ходимларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган.
Хусусан, ишга қабул қилишда талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати қисқартирилмоқда. Яъни, таклиф этилаётган тартибга кўра, фуқарони ишга қабул қилишда асосан унинг шахсий идентификация рақами талаб этилади. Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар эса ҳарбий гувоҳнома ёхуд ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳнома тақдим этади.
Шу билан бирга, меҳнат муносабатларини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Эндиликда, электрон рақамли имзо ёки биометрик идентификация (Face-ID) орқали тасдиқланган ҳужжатлар юридик жиҳатдан қўлда имзоланган ҳужжатлар билан тенглаштирилмоқда.

Қонун лойиҳасида меҳнат жараёнида тазйиқ ва зўравонликка қарши курашишга доир нормалар ҳам ўз аксини топган. Жумладан, бундай ҳолатларни тақиқлаш, уларнинг олдини олиш ва жабрланган ходимларни ҳимоя қилиш чоралари белгиланмоқда.
Бундан ташқари, иш берувчи томонидан иш ҳақи тўлаш муддати бузилган тақдирда, ҳар бир кечиктирилган кун учун пулли компенсация тўлаш тартиби аниқлаштирилмоқда.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала — “Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси мамлакат мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш, давлатнинг сафарбарлик тайёргарлиги тизимини такомиллаштириш, давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг сафарбарлик соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилашга қаратилган.
Лойиҳага кўра, сафарбарлик мамлакат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида давлат органлари, ташкилотлар, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини уруш даври шароитида фаолият кўрсатишга тайёрлашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи ҳисобланади. Шу билан бирга, давлат учун муҳим вазифаларни узлуксиз бажариш мақсадида айрим ходимларни ҳарбий хизматга чақиришдан вақтинча озод этишни назарда тутувчи бронлаштириш тартиби ҳам назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар атрофлича муҳокама қилиниб, унинг ҳар бир моддаси чуқур таҳлил қилинди. Натижада қонун лойиҳаси ҳуқуқий, мазмуний ва юридик-техник жиҳатдан янада такомиллаштирилди.

Хусусан, қонун лойиҳасининг концептуал асосини ташкил этувчи тушунчалар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг ҳуқуқий мазмуни аниқлаштирилди, амалдаги қонунчиликда қўлланилаётган ҳуқуқий атамалар билан мувофиқлаштирилди, ортиқча ва такрорланувчи нормалар чиқарилди.
Шунингдек, сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарликнинг асосий принциплари ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштирилиб, принцип хусусиятига эга бўлмаган, сафарбарлик тадбирларини амалга ошириш тартибини белгиловчи айрим нормалар чиқарилди. Бу эса қонун нормаларининг ҳуқуқий аниқлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида бир хил тушунилишига хизмат қилади.
Қонун лойиҳасида сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик соҳасидаги давлат органларининг ваколатлари ҳамда мажбуриятлари ҳам қайта кўриб чиқилди. Жумладан, парламент, ҳукумат, вазирлик ва идораларнинг мазкур соҳадаги ваколатлари амалдаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилди. Давлат сафарбарлик режасини тасдиқлаш, чақирилувчилар ва ҳарбий хизматга мажбурларни бронлаштириш ҳамда давлат сафарбарлик захирасини шакллантириш билан боғлиқ ҳуқуқий механизмлар янада аниқлаштирилди.
Бундан ташқари, давлат сафарбарлик режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, сафарбарлик ресурслари ҳамда давлат сафарбарлик захирасини шакллантиришга оид ҳуқуқий механизмлар такомиллаштирилди. Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарликнинг асосий тадбирлари тизимлаштирилиб, ўзаро такрорланувчи ҳамда ортиқча нормалар қисқартирилди.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Н.Насриев, ЎзА