Ишбилармон аёллар сараланди
Сайхунобод туманида «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг туман босқичи кўтаринки кайфият ва соғлом рақобат муҳитида ўтказилди. Танловдан кўзланган асосий мақсад хотин-қизларнинг тадбиркорлик салоҳиятини юксалтириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда илғор бизнес ғояларини оммалаштиришдан иборат бўлди.
O‘zLiDeP Сирдарё вилояти ва Сайхунобод туман Кенгашлари ташаббуси билан ташкил этилган тадбир туман ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат марказининг туман бўлими ҳамкорлигида ўтказилди.

Танловда турли соҳаларда фаолият юритаётган 15 нафар ишбилармон аёл ўз бизнес лойиҳалари, ҳунармандчилик буюмлари ва қўл меҳнати намуналарини намойиш этди. Иштирокчиларнинг иқтисодий самарадорликка қаратилган ташаббуслари, яратган иш ўринлари, маҳсулотлар сифати ҳамда инновацион ёндашувлари ҳакамлар ҳайъати томонидан атрофлича баҳоланди.

Якуний натижаларга кўра, балиқчилик ва туризм соҳасида самарали фаолият юритаётган Дилдора Норбоева танлов ғолиби деб топилди. Рухшона Олимжонова иккинчи, Нигора Зармасова эса учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиб ва фаол иштирокчилар O‘zLiDePнинг диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Танлов яна бир бор тадбиркор аёлларнинг мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар фаровонлигини юксалтиришдаги муҳим ўрни ҳамда салоҳиятини намоён этди.

— Танлов ғолиблари нафақат муносиб эътирофга сазовор бўлди, балки ўз меҳнати, интилиши ва эришган натижалари билан бошқа хотин-қизларга ҳам «мен ҳам уддалай оламан» деган ишончни бағишлади, — дейди туман ҳокимининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нодира Мирзаева.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири