Иш бор жойда камчилик бўлади, аммо...
Иш бор жойда камчилик бўлади, айниқса тажрибасиз ҳисобчи томонидан ҳозирги вақтдаги солиқ солиш ҳамда солиқ тўлашнинг янгича тартибларига ўтиш жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўйиш эҳтимолдан холи эмас.
Иш бор жойда камчилик бўлади, айниқса тажрибасиз ҳисобчи томонидан ҳозирги вақтдаги солиқ солиш ҳамда солиқ тўлашнинг янгича тартибларига ўтиш жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўйиш эҳтимолдан холи эмас.
Ана шундай жараёнда солиқ идораси ходимлари солиқ тўловчининг ҳузурига бормасдан, электрон маълумотлар базаси орқали таҳлилни амалга ошириш, яъни камерал назорат тизими орқали солиқ тўловчининг ҳисоботларини таҳлил қилади.
Камчилик аниқланган тақдирда, уни бартараф этиш имкониятини солиқ тўловчига тақдим этади.
Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 9 минг 255 солиқ тўловчи фаолиятида камерал назорат ташкил этилган. Улардан 6 минг 258 ҳолатда солиқ тўловчилар томонидан айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан солиқ тўловчиларга юборилган 6 минг 258 талабномалар бўйича 108 миллиард 600 миллион сўмга қайта ҳисоб-китоб қилинган, бюджетга 27 миллирад 500 миллион сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ундирилган.
– Мақсадимиз солиқ тўловчилар томонидан йўл қўйилган камчиликларни бартараф этилишига кўмаклашиш, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг қилиш шўъбаси бошлиғи Сухроб Тавбоев. – Эътиборсизлик ёки тажрибасизлик сабабли хатога йўл қўйилиши мумкин. Умумбелгиланган солиқ тўлаш тартибида фаолият юритаётган 415 хўжалик юритувчи субъектлар қўшилган қиймат солиғи бўйича базани нотўғри кўрсатган ва солиқ органлари ёрдами билан улар бартараф этилган.
Мисол учун, Янгиер шаҳрида фаолият юритаётган “Аммиак ва карбамид заводини қуриш дирекцияси” масъулияти чекланган жамияти томонидан жорий йилнинг 8 ойлиги бўйича тақдим қилинган ҳисоботлари ходимларимиз томонидан ўрганилганида, оз эмас, кўп эмас, нақд 2 миллиард 400 миллион сўм миқдорда норезидентларнинг бажарган иш ва хизматлари учун қўшилган қиймат солиғи ҳисоботларда акс эттирилмаганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жамиятга белгиланган тартибда талабнома юбордик. МЧЖ раҳбарияти бу ҳолатга ҳисобчининг тажрибасизлиги туфайли йўл қўйилганини баён этиб, хатолик бартараф этилди ва қайта ҳисоб-китоблар тақдим этилиши таъминланди.
Хўш, мабодо, “Аммиак ва карбамид заводини қуриш дирекцияси” масъулияти чекланган жамиятининг ғўр ҳисобчисининг ҳисоботини вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари камерал назоратдан ўтказмаганида нима бўларди ёки билса ҳазил, билмаса чин қабилида иш тутиш, деганлари шумикан-а?