Иқтисодий ислоҳотлар: янги ўсиш нуқталари ва ҳудудлар салоҳияти
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакат иқтисодиётида эришилган натижалар таҳлил қилиниб, йилнинг иккинчи ярмида иқтисодий ўсиш суръатларини янада жадаллаштириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Таъкидланганидек, бугунги мураккаб глобал иқтисодий шароитда асосий мақсад фақат эришилган кўрсаткичларни сақлаб қолиш эмас, балки ички захираларни тўлиқ ишга солиш, янги ўсиш нуқталарини шакллантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини изчил оширишдан иборат.

Жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 8,5 фоизга ўсди. Саноатда 8 фоиз, хизматлар соҳасида 16,9 фоиз, қурилишда 13,8 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,7 фоизлик ўсиш қайд этилди. Шунингдек, сармоялар ҳажми 28 миллиард долларга, экспорт эса 14,4 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткичлар иқтисодий ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини тасдиқлайди.
Йиғилишда иқтисодий ўсишнинг асосий мезони статистик рақамлар эмас, балки унинг аҳоли турмуш даражасидаги амалий ифодаси бўлиши кераклиги алоҳида таъкидланди. Янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ҳудудларда яшаш шароитини яхшилаш барча даражадаги раҳбарлар фаолиятига бериладиган асосий баҳолаш мезони сифатида белгиланди.
Бу вазифаларни амалга оширишда маҳалла тизими муҳим ўрин тутади. Маҳаллалар билан манзилли ишлаш, аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва бандликни таъминлаш орқали иқтисодий ўсишнинг қуйи бўғинини мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда.
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги имкониятлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, чорвачилик тармоғида маҳсулдорликни ошириш, наслчиликни ривожлантириш, замонавий комплексларни ташкил этиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Бу йўналишда Қашқадарё вилояти катта салоҳиятга эга. Кенг яйловлар, бой чорвачилик анъаналари ҳамда меҳнат ресурслари соҳани янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади. Давлат томонидан берилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари, имтиёзли молиявий механизмлар ва наслчиликни ривожлантиришга қаратилган дастурлар ҳудудда гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга хизмат қилмоқда.
Саноат ва экспорт йўналишларида ҳам ички имкониятларни тўлиқ сафарбар этиш муҳим вазифа сифатида белгиланди. Кейинги йилларда ишга туширилган янги ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ташқи бозорларда миллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Қашқадарё вилоятида мавжуд табиий ресурслар, саноат инфратузилмаси ва қишлоқ хўжалиги салоҳияти мазкур вазифаларни амалга ошириш учун кенг имконият яратади. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспорт ҳажмини кўпайтириш ҳудуд иқтисодиётининг барқарор ўсишига хизмат қилади.
Йиғилишда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, миллий брендларни қўллаб-қувватлаш, логистика ва молиявий инфратузилмани такомиллаштириш бўйича ҳам қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди. Бу чоралар иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш ва хусусий сектор фаоллигини кенгайтиришга хизмат қилади.
Умуман, мамлакатимиз иқтисодиёти сифат жиҳатидан янги босқичга чиқмоқда. Энди асосий эътибор инвестицияларни самарали ўзлаштириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, ҳудудларнинг ички имкониятларини тўлиқ ишга солиш ва ҳар бир тармоқда қўшимча ўсиш нуқталарини яратишга қаратилмоқда. Бунинг пировард мақсади эса иқтисодий ўсиш самарасини аҳоли турмуш даражаси, бандлик, даромадлар ва ҳаёт сифатидаги ижобий ўзгаришларда намоён этишдан иборат.
Даврон Кесимов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши депутати.
ЎзА