Иқтидорли ёшлар — Бухоронинг халқаро майдондаги янги салоҳияти
Бугун юртимизда ёшларнинг билим олиши, ўз иқтидор ва салоҳиятини тўла намоён этиши учун яратилаётган имкониятлар ўз самарасини бермоқда. Айниқса, халқаро фан олимпиадаларида Ўзбекистон ёшларининг тобора муносиб натижаларга эришаётгани мамлакатимизда таълим соҳасига қаратилаётган эътиборнинг амалий ифодасидир.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Бухоро шаҳридаги Президент мактабида бўлиб, халқаро олимпиадада юртимиз шарафини ҳимоя қилишга тайёрланаётган иқтидорли ўқувчилар билан учрашди.
Мулоқотда ёшларнинг эришган натижалари, олдига қўйган мақсадлари ва келажак режалари ҳақида сўз борди. Айниқса, ўқувчиларнинг Халқаро инглиз тили олимпиадаси — ELO саралашининг республика босқичида катта ёш тоифасида (Senior) иккинчи бор муваффақиятли иштирок этиб, фахрли иккинчи ўринни қўлга киритгани алоҳида эътироф этилди.
Бу натижа — шунчаки бир олимпиадада қўлга киритилган ўрин эмас. Унинг замирида ўқувчининг изланиши, устозларнинг меҳнати, оила ва таълим муассасасининг кўмаги, энг муҳими, ёш авлодга яратилган кенг имкониятлар мужассам.

Эндиликда бухоролик иқтидорли ўқувчилар вилоят ҳокимлиги кўмагида Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган халқаро босқичда иштирок этиб, ўз билим ва салоҳиятларини жаҳон майдонида намоён этиш имкониятига эгадирлар.
Вилоят раҳбари билан суҳбатда ёшларнинг нафақат бугунги ютуқлари, балки катта мақсад ва келажак режалари ҳам муҳокама қилинди. Ботир Зарипов уларнинг билимга интилишлари, мунтазам изланишлари ва ўз устида ишлашлари эътиборга молик эканини таъкидлаб, бугунги иқтидорли ёшлар мамлакатимизнинг эртанги куни, тараққиётнинг асосий таянчи эканини қайд этди.
Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ёшларга оид давлат сиёсатида таълим ва иқтидорни қўллаб-қувватлаш устувор йўналишлардан бирига айланган. Ёшларнинг халқаро олимпиадаларда иштирок этиши, уларни муносиб тайёрлаш, қобилиятини рўёбга чиқариш ва халқаро майдонда Ўзбекистон номини муносиб ҳимоя қилиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган ташаббуслар бугун ўзининг амалий натижаларини бермоқда.

Бухоро вилоятида ҳам ушбу эзгу мақсадларни ҳаётга татбиқ этиш, иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоят ҳокимлигининг ёшларни халқаро мусобақаларга тайёрлаш ва уларнинг иштирокини қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий кўмаги ана шу ёндашувнинг муҳим намунасидир.
Вилоят раҳбари ўқувчиларга халқаро босқичда ҳам юқори натижалар қайд этиб, Бухоро ва Ўзбекистон номини муносиб ҳимоя қилишларига ишонч билдирди. Ёшларга омад тилаб, эришилган ютуқлар янги марралар учун мустаҳкам пойдевор бўлишига ишонч билдирди. Шуниндек, Президент мактабида таълим сифати, ўқувчиларнинг эришаётган натижалари, улар учун яратилган шарт-шароитлар ҳам ўрганилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири