Ипотека кредитлари бўйича фуқароларга 1,1 триллион сўмдан ортиқ субсидия маблағлари тўлаб берилди
2026 йилда Ўзбекистонда ипотека кредитлари бўйича фуқароларга 1,1 триллион сўмдан ортиқ субсидия маблағлари тўлаб берилди. Бу кўрсаткич давлатнинг аҳолини муносиб уй-жой билан таъминлаш, айниқса, уй-жой харид қилиш имконияти чекланган оилаларни қўллаб-қувватлаш сиёсати изчил давом этаётганини кўрсатади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2026 йилда ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун 12 355 нафар фуқарога субсидия ажратилган.
Жами маблағнинг 367 миллиард сўми уй-жой сотиб олишдаги дастлабки бадал ёки унинг бир қисмини қоплашга йўналтирилган. Бу кўплаб фуқаролар учун ипотека кредитидан фойдаланишдаги асосий тўсиқлардан бири — бошланғич тўлов муаммосини ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, 774,1 миллиард сўм аввалги йилларда ажратилган ипотека кредитлари бўйича фоиз тўловларини қоплаш учун сарфланган. Бу эса субсидия тизими фақат янги уй-жой харид қилишни рағбатлантириш билан чекланмасдан, аввал ипотека олган фуқароларнинг молиявий юкини ҳам енгиллаштираётганини кўрсатади.
Бундан ташқари, мақсадли ипотека омонатлари бўйича 19,4 миллиард сўмлик субсидия ажратилган. Мазкур механизм аҳолининг уй-жой сотиб олиш учун олдиндан маблағ жамғариш маданиятини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ипотека субсидияларидан фойдаланиш кўрсаткичлари ҳудудлар кесимида ҳам аҳоли эҳтиёжи ва уй-жойга бўлган талабнинг юқорилигини яққол намоён этмоқда. Хусусан, Андижон вилояти бу борада биринчи ўринни эгаллади. Вилоятда 1 472 нафар фуқарога 43,8 миллиард сўм бошланғич бадал учун субсидия ажратилган. Ундан кейин, Фарғона вилоятида — 1 410 нафар фуқарога 41,9 миллиард сўм, Наманган вилоятида — 1 406 нафар фуқарога 41,6 миллиард сўм, Қашқадарё вилоятида — 1 260 нафар фуқарога 37,5 миллиард сўм субсидия берилган. Бу рақамлар водий вилоятларида аҳоли зичлиги юқорилиги, ёш оилалар сонининг кўплиги ҳамда уй-жойга бўлган талаб катталиги билан изоҳланади. Тошкент шаҳрида эса мазкур кўрсаткич нисбатан паст бўлиб, 389 нафар фуқарога 11,6 миллиард сўм субсидия ажратилган.
Ипотека субсидияси кўплаб оилалар учун шахсий уй-жойга эга бўлиш йўлидаги муҳим молиявий кўмакдир. Айниқса, дастлабки бадалнинг бир қисмини давлат томонидан қоплаб берилиши фуқароларнинг ипотека кредитидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.
Фоиз тўловларини субсидиялаш эса кредит олувчиларнинг ҳар ойлик харажатларини камайтириб, оилавий бюджетга тушадиган молиявий босимни юмшатишга хизмат қилади.
Шу маънода, 2026 йилда субсидияларга йўналтирилган 1,1 триллион сўмдан ортиқ маблағ нафақат минглаб оилаларнинг уй-жой шароитини яхшилашга, балки қурилиш соҳаси, ипотека бозори ва уй-жой билан боғлиқ иқтисодий фаолликнинг ошишига ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Ўзбекистонда ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун аризалар қабул қилиш жараёни 2026 йил 16 мартдан бошланган.
Мақсадли кўрсаткичлар доирасида берилган хабарномаларнинг амал қилиш муддатида фойдаланилмай қолган қисми ҳисобидан эса аризаларни қабул қилиш 27 июлдан қайта йўлга қўйилган. Айни пайтда ипотека субсидиялари дастурида қатор тижорат банклари иштирок этмоқда. Улар орасида Агробанк, Алоқабанк, Асакабанк, Asia Alliance Bank, Бизнесни ривожлантириш банки, Ҳамкорбанк, Ипак йўли банки, Ипотекабанк, Микрокредитбанк, Orient Finans Bank, Trastbank, Туронбанк, Халқ банки, Ўзмиллийбанк ва Ўзсаноатқурилишбанк бор.
Бир сўз билан айтганда, Ипотека субсидияларига ажратилаётган маблағлар кўлами давлатнинг аҳолини уй-жой билан таъминлаш сиёсатида бу йўналиш устувор аҳамиятга эга эканини кўрсатмоқда. Бир томондан, бошланғич бадални қоплаш учун кўмак берилаётган бўлса, иккинчи томондан, фоиз тўловларининг субсидия қилиниши орқали кредит олувчиларнинг молиявий юки енгиллаштирилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА