Интизом, шаффофлик ва натижа – бош мезон
Мамлакатимизда иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш, давлат бюджети даромадларини мустаҳкамлаш ҳамда тадбиркорлик учун адолатли ва шаффоф солиқ тизимини шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Президентимиз раҳбарлигида бу соҳага доимий эътибор қаратилиб, солиқ органлари фаолиятини замон талаблари асосида такомиллаштириш, уларни жазоловчи эмас, балки тадбиркорнинг ишончли ҳамкори ва сервис хизматига айлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилмоқда. Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоятида ҳам тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Шу муносабат билан Бухоро вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Д. Йўлдошев Бухоро шаҳар солиқ инспекциясида раҳбарлар ва шахсий таркиб иштирокида ишчи йиғилиш ўтказди. Йиғилишда давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 21 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида белгиланган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда қайд этилганидек, Бухоро вилоятида йиллик айланмаси 100 миллион сўмдан юқори бўлган 162 та корхона кетма-кет уч йил давомида фаолиятини зарар билан якунлагани сабабли фойда солиғини тўламаган. Мазкур корхоналарнинг салмоқли қисми Бухоро шаҳри ҳудудига тўғри келиши бу борада масъул ходимлар олдига қўшимча вазифалар қўйилишини тақозо этди.

Шунингдек, вилоятда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган 854 та корхона томонидан умуман солиқ тўланмагани танқидий муҳокама қилинди. Бу ҳолатларнинг келиб чиқиш сабаблари чуқур таҳлил қилиниб, ҳар бир корхона кесимида аниқ чоралар белгилаш юзасидан топшириқлар берилди.
Танқидий ва талабчан руҳда ўтган йиғилишда маҳаллабай ҳамда корхонабай ишлаш тизими самарадорлиги ҳар бир ходим фаолияти кесимида бирма-бир кўриб чиқилди. Солиқ тушумлари прогнозларининг бажарилиши, яширин иқтисодиётни қисқартириш, солиқ базасини кенгайтириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Алоҳида таъкидланганидек, Президентимиз томонидан илгари сурилган “текширувдан – сервисга” тамойили эндиликда солиқ органлари фаолиятининг бош мезонига айланмоқда. Бу ёндашув тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, профилактика ва маслаҳат хизматларини кучайтириш орқали солиқ интизомини юксалтиришга қаратилган.

Йиғилишда Президент фармонлари ижросини сўзсиз таъминлаш, кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш, коррупциянинг олдини олиш, хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш ҳамда ҳар бир ходимнинг шахсий масъулиятини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, мол-мулк ва ер солиғидан қарздор жисмоний шахслар ҳақидаги маълумотларни “Биллинг” тизими орқали “Электр тармоқлари” маълумотлар базаси билан интеграция қилиш ишларининг бориши ҳам муҳокама қилиниб, рақамли назорат механизмларини янада такомиллаштириш бўйича вазифалар белгиланди.
Йиғилиш якунида мавжуд камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш, солиқ тушумларини ошириш, ҳар бир маҳалла ва ҳар бир корхона билан манзилли ишлашни кучайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди
Шунингдек, жорий йилнинг иккинчи ярим йиллиги ҳамда учинчи чораги учун устувор вазифалар белгилаб олинди.
Бугунги кунда давлатимиз раҳбари солиқ тизимини иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим таянчи сифатида кўрмоқда. Чунки адолатли ва шаффоф солиқ сиёсати — кучли иқтисодиёт, барқарор бюджет ва тадбиркорлик ривожининг мустаҳкам пойдеворидир. Бухоро вилоятида ўтказилган мазкур йиғилиш ҳам айнан шу мақсадларга хизмат қилиб, ҳар бир раҳбар ва ходимдан юксак масъулият, ташаббускорлик ҳамда аниқ натижа талаб этилаётганини яна бир бор намоён этди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири