Интеллектуал мулк соҳасидаги ҳамкорлик халқаро даражада муҳокама қилинди
Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар интеллектуал мулк идоралари раҳбарларининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.
Тадбирда ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида интеллектуал мулк соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма ташаббусларни илгари суриш, тажриба ва ахборот алмашинувини кенгайтириш, шунингдек, интеллектуал мулк идоралари раҳбарларининг биринчи йиғилишида эришилган келишувларнинг ижроси муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, интеллектуал мулк соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, аъзо ва кузатувчи давлатлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, илғор тажрибаларни алмашиш ҳамда истиқболдаги қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Йиғилиш якунида иштирокчилар томонидан интеллектуал мулк соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган қўшма декларация имзоланди.
Н.Абдураимова, ЎзА