Инсонпарварлик – юксак қадрият
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти мамлакатимиздаги йирик гуманитар жамоат ташкилотларидан бири сифатида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, фавқулодда вазиятларда жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ҳамда инсонпарварлик ғояларини кенг тарғиб этиш борасида самарали фаолият юритмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти Марказий Осиё давлатлари миллий жамиятлари орасида биринчи бўлиб Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятлари Халқаро федерацияси аъзолигига қабул қилинган. Бугунги кунда мазкур федерация дунёнинг 190 та мамлакат миллий жамиятларини бирлаштириб, инсонпарварлик йўлида фаолият олиб бормоқда.
[gallery-29487]
Жумладан, Қизил Ярим Ой жамиятининг Андижон вилояти ташкилотлари томонидан якка-ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва ижтимоий ёрдамлар етказилди. Бу каби эзгу ишлар жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, жамиятнинг вилоят ташкилоти ходимлари ҳамда туман бўлимлари ижрочи директорлари иштирокида семинар-тренинг ташкил этилди. Унда ташкилотнинг ички имкониятларини таҳлил қилиш, фаолият самарадорлигини ошириш ва инсонпарварлик йўналишидаги ишлар сифатини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Семинар давомида ташкилот фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олиниб, келгуси фаолият бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилди.
Дарҳақиқат, инсонпарварлик, саховат ва меҳр-оқибат каби эзгу қадриятларни тарғиб этишда Қизил Ярим Ой жамиятининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ(сурат),ЎзА