Инсон меҳнати қадрланган юрт
Жамоада меҳнат қилаётган инсон фақат ўз оиласи фаровонлигини таъминлабгина қолмай, жамият ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшади. Шу боис, бугун меҳнат муносабатларининг марказида, аввало, инсон, унинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва манфаатлари, оиласи ҳамда келажакка бўлган ишончи туриши керак.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 17-октябрда касаба уюшмаларининг фаоллари ва фахрийлари билан ўтказган учрашувида ушбу тизимнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, ходимлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, ижтимоий шерикликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. Бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан маҳаллий ҳокимликлар, бошқарма ва идоралар, ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Айтиш жоизки, меҳнат муносабатларидаги қонун устуворлигини таъминлашда ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлиги муҳим аҳамиятга эга. Чунки ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билган ходим уни талаб қила олади. Ўз мажбурияти ва масъулиятини англаган иш берувчи эса, ишларни қонун ва адолат тамойиллари асосида ташкил этади. Шу маънода, касаба уюшмалари масъуллари иштирокида ҳуқуқий тарғибот ва ўқитиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги ташкилот ва муассасаларда 800 дан зиёд ана шундай ўқув машғулотлари ҳамда 1200 дан ортиқ семинарлар ўтказилди.
Меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларидан бири – жамоа шартномаларидир. Бу борада 2026-2028 йилларга мўлжалланган Ҳудудий жамоа келишувининг имзоланиши ижтимоий шерикликни янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Бугунги кунда мавжуд 44 та тармоқ келишувига мувофиқ, 5800 дан зиёд жамоа шартномаси экспертизадан ўтказилди. Бу эса жамоа шартномаси фақат расмий ҳужжат эмас, балки ходимнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини амалда таъминлашга хизмат қиладиган муҳим механизм эканини кўрсатади.
Албатта, ходимнинг манфаати унинг муносиб дам олиши ва саломатлигини тиклаши билан ҳам белгиланади. Шу мақсадда, қарийб 12 минг нафар ишчи-ходим, жумладан, 3500 дан зиёд ёшлар “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” шиори остида мамлакатимизнинг диққатга сазовор масканларига саёҳатларга юборилди. Бунинг учун 2,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Шунингдек, 2400 нафардан ортиқ ходим 14 миллиард сўмлик имтиёзли йўлланмалар асосида касаба уюшмалари тасарруфидаги санаторийларда соғлигини тиклаш имкониятига эга бўлди.
Бироқ, эришилган натижалар билан бир қаторда, жиддий хулоса чиқариш лозим бўлган масалалар ҳам бор. Таҳлилларга кўра, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида ишлаб чиқариш корхоналарида 58 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Ушбу ҳодисалар оқибатида 60 нафар ишчи-ходим жабрланган, 27 нафари ҳаётдан кўз юмган ҳамда 32 нафари оғир тан жароҳати олган. Албатта, келтирилган ҳар бир рақам ортида инсон ҳаёти, оила тақдири, фарзандлар келажаги турибди. Шунинг учун иш жойларида “Аввало хавфсизлик” тамойили устувор бўлиши керак. Айниқса, хавфли ишлаб чиқариш корхоналарида ходимларни зарур шахсий ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билим ва кўникмаларни мунтазам янгилаш, хавфли иш жараёнларини доимий назорат қилиш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардир.
Шунингдек, ходимларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқларини тиклаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2026 йил бошидан буён касаба уюшмаларига 70 га яқин мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 33 таси ижобий ҳал этилди. Касаба уюшмаларининг бевосита аралашуви билан 48 нафар фуқаронинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди. Иш ҳақи ва бошқа тўловларнинг кечиктирилганлиги ҳамда маънавий зиён учун 24 миллион сўмдан зиёд маблағ ундириб берилди.
Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, улар учун муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ҳам муҳим йўналишлардан бири. Жамоалардаги икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши таътилида бўлган 400 нафарга яқин ёш онага 87 миллион сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди. Нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган болали 270 нафарга яқин аёл учун ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган тартиб белгиланди. Бундай ёндашув хотин-қизларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи билан бирга, оналик вазифаларини ҳам бажариши учун зарур шароитларни таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятли.
Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни муносиб иш ўринларига жойлаштириш ва касб-ҳунарга йўналтириш хусусида белгиланган вазифалар ижроси ўлароқ, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган ярмаркаларда мингдан ортиқ ёшлар доимий ишга жойлаштирилди, 1300 нафари қайта ўқитиш курсларига юборилди.
Мухтасар айтганда, меҳнат соҳасида инсон манфаатларини таъминлаш доимий эътибор ва масъулиятни талаб қиладиган жараён. Шу боис, ҳар бир ходимнинг ҳуқуқи ишончли ҳимояланган, меҳнати муносиб баҳоланган, албатта, иш жойида хавфсизлиги таъминланган муҳитни яратиш асосий вазифадир.
Зеро, ходим ўз меҳнати қадрланаётганини ҳис қилсагина, унинг эртанги кунига бўлган ишончи ортади. Инсонга бўлган эътибор ва ғамхўрлик эса, пировардида, оила фаровонлиги ва жамият тараққиётига ҳам бевосита хизмат қилади. Чунки инсон қадрланган жойда меҳнат ҳам қадрланади.
Сайёра Файзиева,
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши раиси,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Тошкент вилояти кенгаши раиси,
ЎзА