Инсон коинотда янги рекорд ўрнатди
Инсоният тарихидаги энг олис фазовий парвоз рекорди янгиланди. "Артемида-2" миссияси "Орион" кемаси Ердан шу қадар узоқлашдики, аввалги барча натижаларни ортда қолдирди.
“Артемида-2” миссияси доирасида парвоз қилаётган “Орион” фазовий кемаси экипажи Ердан 406 608 километр узоқлашиб, инсон иштирокидаги парвоз тарихидаги энг олис нуқтага етди. NASA хабар беришича, шу тариқа “Аполлон-13” миссиясида қайд этилган рекорд янгиланди.
Рид Вайсман, Виктор Гловер, Кристина Кук ва канадалик Жереми Хансен Ойдан 8 047 км узоқ траектория бўйлаб ҳаракатланиб, аввалги натижани қарийб 6 437 километрга яхшилади.
Парвоз чоғи астронавтлар Ой атрофини айланиб, тахминан олти соат белгиланган орбитада бўлди, сайёрамиз табиий йўлдошининг орқа томонини кузатишди, Қуёш тўлиқ тутилишидек ноёб ҳодисага гувоҳ бўлишди.
Фазо кемаси муайян босқичда тахминан 40 дақиқага Ер билан алоқа ҳудудини тарк этди. Парвоз режасига мувофиқ амалга оширилган бу ҳаракат қурилманинг Ойга нисбатан жойлашуви билан изоҳланади.
Дарвоқе, “Орион” 1 апрель куни Флоридадаги Жон Кеннеди номли Коинот марказидан SLS ракетаси ёрдамида учирилган. Миссия 10 кунга мўлжалланган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА